Журналистларнинг рақамли ва ҳуқуқий ҳимояси — Самарқандда халқаро семинар бошланди

Самарқанд шаҳрида Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш миллий маркази ҳамда ЮНЕСКОнинг  Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида "Журналистлар учун хавфсизлик бўйича тренинг — рақамли, психологик ва ҳуқуқий ҳимоя" мавзусида икки кунлик ўқув-семинар ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг касбий фаолияти давомида учраши мумкин бўлган рақамли таҳдидлар, ҳуқуқий муаммолар ҳамда психологик босимларга қарши самарали ҳимоя механизмларини ўргатиш, уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Семинарда республикадаги оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари вакиллари, медиа соҳаси мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этмоқда. Машғулотлар давомида иштирокчилар киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, журналистларнинг ҳуқуқий кафолатлари, инқирозли вазиятларда психологик барқарорликни сақлаш каби долзарб мавзулар юзасидан амалий тавсиялар билан танишмоқда.

Икки кун давом этадиган семинар доирасида дунёнинг нуфузли нашрларидан бири — "The Washington Post" мухбирлари билан тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилган. Хорижлик мутахассислар ўзларининг халқаро амалиёти, ахборот хавфсизлиги, фактчекинг, таҳририй стандартлар ҳамда журналистларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ёндашувлари билан ўртоқлашмоқда.