Кафолатли суғурта

Бу ўз навбатида республика суғурта бозорининг барча иштирокчиларидан фаолият соҳасининг барча йўналишларида, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш босқичидан тортиб, юқори даражадаги хизмат кўрсатиш ва аҳолининг суғурта тизимига бўлган ишончини оширишгача бўлган фаолият самарадорлигини оширишни талаб этади.

Ҳозирги вақтда республика суғурта бозорида 27 та суғурта компанияси фаолият юритади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларида фаолият кўрсатувчи корхона ва ташкилотларга ҳамда аҳолига махсус суғурта хизматларини тақдим этаётган "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти суғурта бозорида алоҳида ўрин тутади.

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ҳам компаниянинг бу борада муҳим дастуруламали бўлиб хизмат қилади. Мазкур қарорга кўра, эндиликда компания фаолияти янада такомиллашиб, хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами янада ошади. Ҳужжатда бу борадаги 9 та энг муҳим фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Жумладан, гаров ва лизинг объектларини зарардан, оловдан ва табиий офатлардан суғурта қилиш, шунингдек, мол-мулк, ускуналар ва йўлдаги товарларни ҳамда тадбиркорлик фаолиятини барча хатарлардан суғурта қилиш орқали тадбиркорлик субъектларига суғурта ҳимоясини тақдим этиш, саноат корхоналари ва иқтисодий соҳалардаги қурилиш объектларининг барча таваккалчиликлардан суғурта қилинишини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастури доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида юридик ва жисмоний шахсларга суғурта ҳимоясини тақдим этишда аҳоли қамровини "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда кенгайтириш белгиланди.

Шунингдек, аҳолини шахсий суғурталаш, жумладан, инфекцион касалликлардан суғурта қилиш бўйича суғуртавий ҳимоясини таъминлаш, ёшлар учун уй-жой қуриш дастурлари бўйича уй-жойларни суғурталаш, янги инновацион суғурта маҳсулотларини яратиш орқали суғурта фаолиятини кенгайтириш, замонавий информацион технологиялардан фойдаланган ҳолда виртуал офислар ва суғурта хизматларини кўрсатишнинг янги каналларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Қарорда онлайн режимда электрон суғурта полисларини сотиш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу механизм айни пайтда амал қилаётган суғурта полисларини қоғозда расмийлаштириш тартиби ўрнини эгаллашга мўлжалланган бўлиб, бу айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланаётган даврда долзарбдир.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда аҳолига суғурта хизматларини кўрсатиш учун кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш бўйича автоматлаштирилган механизм яратилади. Бундан ташқари, республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда сейсмик жиҳатдан хавфли, сел ва тошқин хавфи бўлган минтақаларда жойлашган фуқароларнинг иншоотлари, тураржойлари, шахсий мулкини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий мақсадларда барпо этилган объектларни суғурталашга алоҳида эътибор берилади.

Президентимизнинг ушбу қарори "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш билан бирга, халқимизнинг суғурта институтига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, суғурта бозорини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш ва суғурта хизматлари таннархини камайтириш, суғурта мукофотлари тушумини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларига сармоялар киритувчи хорижий инвесторлар манфаатларининг суғуртавий ҳимоясини кафолатлашга хизмат қилади.

Арслон ҲАЙИТОВ,

"Кафолат суғурта компанияси"

акциядорлик жамияти Самарқанд филиали директори.