Камалак юлдузлари" истеъдодларни жамлади

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг "Камалак" болалар ташкилоти томонидан ўтказилаётган фестиваль санъатга ошуфта истеъдодли ёшларни кашф этмоқда. 

Бу йил танловнинг дастлабки саралаш босқичларида 6 мингга яқин ўғил-қиз иштирок этди. Улардан 600 нафари фестивалнинг якуний вилоят босқичида қатнашди. 

Танлов давомида болаларнинг мумтоз ва замонавий қўшиқчилик, мусиқа асбоблари ижрочилиги, тасвирий ва амалий санъат, наср ва назм каби йўналишларда билим ва маҳоратлари синовдан ўтказилди. 

– Болаларнинг ўз истеъдодларини намойиш этиши, уларнинг санъатга, гўзалликка интилишини кучайтириш ва маданий савиясини оширишда бундай танловларнинг аҳамияти катта, – дейди Қўшработ туманидаги 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби рақс ўқитувчиси Фароғат Эрматова. – Фестивалда биз "Таманноз" рақс жамоамиз ва иккита яккахон рақс билан чиқиш қилдик. Мактабимиз болалари ижрочиликда ҳам истеъдодларини намойиш қилишди. 

Фестивалда энг яхши натижаларга эришган иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Танлов ғолиблари ва вилоятдаги таниқли санъаткорлар иштирокида гала концерт уюштирилди. 

Зилола ОМОНОВА,

Алишер ИСРОИЛОВ (фото).