Камбағаллигидан орияти устун қизалоқ ёхуд унинг онасига нега шу пайтгача уй ажратилмади?
Бир неча йилдан бери уйсиз, уч фарзанди билан сарсон юрган Ирина Варламованинг ҳаётини видеолавҳаларда кўрсатиш мақсадида тасвирга тушириш ишларини бошлашимизда чамаси ўн ёшли қизчанинг камерага тушмасликка интилаётганини кузатдим. Мени бир четга имлаб, кўнглидагини айтди: “Мени туширманг, синфдошларим кўриб қолса уяламан...”.
Бўғзимга нимадир тиқилди. Кўзлари мўлтираб қараб турган шу қизалоқнинг ҳақини талаб қилиш учун видеотасвирга олаётганимиздан уялиб кетдим. Шу муштдеккина бошига ҳаётнинг аччиқ-чучукларини босиб ўтаётган, онасига елкадош бўлиб 11 ойлик синглисига асосий қаровчи бўлган қизгинанинг ориятидан уялдим. Наҳотки, уларга шу пайтгача бошпана ажратишга қунт қилмаётган мутасаддилар уялмаётган бўлса?!
Ирина Варламова SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси Самарқанд филиалида катта бўлди. Онаси 2005 йилда вафот этган, отасини эса умуман кўрмаган. Улғайгач, Меҳрибонлик уйида тарбия топган йигит билан турмуш қуради. Иккаласи Самарқанд шаҳридаги Илмобод маҳалласида жойлашган ижтимоий уйлардан бирида яшайди, фарзандли бўлишади.
- 2019 йил ижтимоий уйда яшаётган бир гуруҳ ёшлар билан ҳоким учрашганди, - дейди Ирина биз билан суҳбатда. – Ўшанда бошланғич тўлови тўлаб берилиши шарти билан бизларга кредитга уй, оила бошлиқларига иш таклиф этилди. Уйнинг ойлик кредит тўлови ойига 4 миллион сўмни ташкил этарди. Афсуски, ваъда берилган юқори ҳақли иш топилмади, шунда ҳам ҳаракат қилдик. Аммо иложи бўлмади, кейин уйни сотишга, кредитдан йиғилиб қолган қарзларимизни тўлашга мажбур бўлдик. Яъни, 2021 йилдан бери шу тариқа ижарама-ижара сарсонмиз. Турмуш ўртоғим қийналдими, билмадим, бизни ташлаб кетди. Катта болам 9 ёш, кичигим 11 ойлик, уч нафар фарзандим бор.
Ҳозир қандай тирикчилик қиляпсиз, деган саволимга Ирина “ҳаракат қиляпман”, дейди. Айтишича, одамларнинг уйларини тозалашга чиқади, баклашка теради, хуллас, қўлидан келадиган ишдан қочмайди. Муҳими, болажонлари учун уйига нимадир олиб келса бўлгани. Ижара уйини кўздан кечирамиз, айтишича зўрға излаб, сал арзонроқ шу уйни топибди.
Қизиқ, 2021 йилдан бери сарсон-саргардон бу оилага наҳотки ҳеч ким ёрдам бера олмаётган бўлса?! Иринанинг айтишича, маҳалла томонидан унга ёрдам кўрсатилиб, ўртанча фарзанди боғчага бепул бориши таъминланибди. Аммо 11 ойлик чақалоғи учун мана 3 ойдирки бола пули олмаётган экан. Қизиқ, бола пули Ирина кабиларга берилмаса, кимларга берилаётган экан?
- Бир неча бор шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдим, аммо бефойда, - дея суҳбатни давом эттиради Ирина. – Уларнинг айтишича, реестрда ёрдам олганлар сафида эканман. Яъни ўша, Қорасувда олинган уйнинг бошланғич тўлови ҳақида гап кетяпти. Лекин биз бу уйни олмадик, сотиб, пулини ҳам “еганимиз” йўқ, аксинча унинг тўловларига сарфладикку. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига уй ажратилиши керакмасми?
Албатта, ажратилиши керак. Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланади. Бизнингча, айнан шу тизимда Ирина Варламовага ёрдам кўрсатилгани белгиланган. Лекин бу хатоликни тузатишнинг иложи йўқми?
Бугун эса у ёлғиз аёл. Боқувчисини йўқотган. Бу жиҳатдан ҳам унга кўмак берилиши керак.
Яна бир гап. Рамазон кунларида саховат қилишга шошилган ҳамшаҳарларимиз бор. Уларга Иринанинг манзилини бериш имконимиз бор. Энг катта савоб мана шундай қийналаётган она ва унинг етим болаларига ажратилган ёрдам эмасми аслида.
Гулруҳ Мўминова,
Бахтиёр МУСТАНОВ.