Камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибасидан фойдаланилади
Мамлакатимизга ташриф буюрган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Ху Чуньхуа бошчилигидаги делегация бугун Самарқандга келди.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси минтақалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Хитой билан алоқалар узоқ тарихга бориб тақалиши ва кейинги йилларда ҳамкорлик кўлами янада кенгаяётганини таъкидлади. Қадимий Афросиёб шаҳри деворий суратларидаги қабул маросимида Чин ўлкаси элчилари тасвири туширилгани, XIX асрда Самарқандда Хитой банки ташкил этилгани ҳамда бундан тўрт йил олдин қадимий ва навқирон кентда Конфуций боғи бунёд этилгани бунга ёрқин мисол бўлишини қайд этди.
Шунингдек, Э.Турдимов Хитой Халқ Республикасида иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар юксак самара берганини таъкидлади. Жаноб Ху Чуньхуанинг Хитойдаги фаолияти аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартиришга бевосита боғлиқ эканлигига эътибор қаратган вилоят ҳокими ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Шунингдек, бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида Хитой тажрибасини Самарқанддаги маҳаллаларда синов тариқасида қўллаш бўйича таклиф билдирди.
Ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлик билдирган жаноб Ху Чуньхуа мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори суръатларда ривожланиб бораётганлигини қайд этди. Тошкентда Бош вазир ва тегишли вазирликлар мутасаддилари билан учрашувларда турли соҳалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан келишувларга эришилгани, Самарқанд билан ҳам алоқаларни ривожлантириш қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Камбағалликни қисқартириш борасидаги таклифни мамнуният билан қабул қилганлигини маълум қилиб, тегишли соҳа мутасаддилари билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда амалий таклифларни етказишини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва дўстлик алоқларини мустаҳкамлаш борасида билдирилган таклифларни батафсил муҳокама қилиб, истиқболли йўналишларни белгилаб олишди.