"Капалаклар билан сирлашиб..."

  Бугун гўзаллик ҳақида гаплашамиз. Гўзал бир водий, гўзал бир боғ, дунёнинг энг нафис, энг ожиз, аммо энг гўзал мавжудотлари – капалаклар ҳақида.

  Каплаклар бир кун яшамас экан...

  Европада ягона бўлган бу боғ – “Капалаклар водийси” Туркиянинг Кўния шаҳри яқинида 2015 йилда барпо қилинган. Авваламбор, ойнадан қилинган ва минглаб чироқлар билан безатилган бинонинг тузилишига эътибор қилинг: бино айнан капалак шаклида ва тунда кўрсангиз, капалакларда бўлган барча рангларни кўрасиз ва қуш парвози баландлигидан қарасангиз, қанот ёйган гўзал капалакни кўрасиз. Бино 380 минг кв. метр жойни эгаллаганини тасаввур қилсангиз, бекорга бу жой “Капалаклар водийси” дейилмаслигини англайсиз.

  Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари водийда бир нечта сув ҳавзалари, 550 квадрат метрли капалаклар музейи, каплаклар “туғруқхонаси”, ўргимчак, бешиктебратар, шиллиққурт каби бошқа турли ҳашоротлар кўпайтириладиган лаборатория, спорт майдончалари ва кўнгилочар ўйинлар заллари ҳам бор. Бу ерда капалаклар ҳаётини ўрганишингиз мумкин бўлган видеофильмлар кўришингиз, альбомларни варақлашингиз, бир финжон қаҳва ҳўплаб, ором олишингиз ҳам мумкин.

  Айтганча, боғ ҳудудидан ўрин олган дўконлардан капалаклар шакли туширилган “магнитка”, соат, альбом, сурат соладиган “рамка”, калит осиладиган “брелок” каби хилма-хил эсдалик буюмлардан истаганча харид қилишингиз мумкин. Нархлари арзон.

  Бу ерда асосан тропик ўлкалардан келтирилган 60 хил капалак сақланади, кўпайтирилади, парвариш қилинади, гўзаллик ошноларига кўрсатилади. Капалаклар учун эса, уларга энг қулай шароитлар муҳаййё қилинган: ойнаванд бино ичида 20 мингдан ортиқ дов-дарахт, буталар, гуллар, ҳатто тиконлар ўстирилган, ҳаво ҳарорати доимий равишда 28 даража иссиқликда ва 80 фоиз намликда ушлаб турилади.

  “Капалаклар водийси”да бир вақтда 12 минг атрофидаги капалаклар учиб-қўниб юради. Уларнинг ичида қанотини ёйганида шапалоқча келиши билан сизни ҳайратга соладиган улкан капалаклардан бир қарашда кўзингиз илғамайдиган митти капалаклар ҳам бор. Қанотини ёйганда худди бойўғлининг ўзи бўлиб қоладиган капалаклар, қанотини очса мовий, ёпса қаҳваранг бўладиган ғаройиб капалаклар ҳам бор.

  Боғда сайёҳлар учун қилинган ва бутун “водийни” айланиб чиқадиган сўқмоқ бўйлаб борар экансиз, капалаклар сиздан чўчимаётганига гувоҳ бўласиз ва бир неча марта бу гўзал махлуқотлар кийимингизга, бошингиз, ҳатто қўлингизга қўнади ва кўнглингизни чароғон қилади.

  Ана шунинг учун ҳам бу водийга нафақат сайёҳлар, ҳашоротлар билан қизиқувчи олимлар, биолог талабалар, мактаб ўқувчилари, ва албатта, ноёб суратлар олишга ишқибоз бўлган сураткашлар ва рассомлар ҳам келишади. Бу ерда илмий анжуманлар ҳам ўтказилар экан.

 

  Қизиқ факт: “Капалаклар водийси”ни кўриш учун йилига ЯРИМ МИЛЛИОН сайёҳ келар экан! Ана сизга туризимни ривожлантириш!

  Ана шу жойида ўйланиб қоламан: нега Туркиянинг бирорта капалаги сақланмайдиган, ҳаммаси тропик ўлкалардан келтирилган капалаклар боғини яратган турклар йилига ярим миллион саёҳни жалб қила олади-ю, Ўзбекистонда шундай боғ барпо қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди?   “Капалаклар боғи”га кириш учун сайёҳлар яхшигина ҳақ тўлашмоқда: ўқувчилар 7,5 лира, катта ёшдагилар 17 лира тўлаб кирадилар. 17 лира бизнинг пулга 20 минг сўм бўлади. Аммо 6 ёшгача бўлган болаларнинг кириши бепул.

  Боғ ҳудудида капалакларнинг кўпайиши учун ҳам шароитлар яратилган. Ҳар куни бир қанча янги капалаклар ғумбакни ёриб чиқади.

Ана шу жойида бизни ҳаяжонга солган воқеа содир бўлди. Боғ хизматчиси, биолог олима Пинар хоним янги дунёга келган капалакларни илк бор парвоз қилдириш учун махсус идишларни бизнинг қўлимизга тутди ва биз ўз қўлларимиз билан бир қанча капалакларни боғ узра учириб юбордик...

  Мен Пинар хонимдан кўпчилик такрорлайдиган бир гапга ойдинлик киритиб беришини сўрадим:

  – Капалаклар бир кун яшаши тўғрими? Наҳотки шунчалар гўзал хилқатлар бир кунгина қанот қоқиб, кечқурун бу дунё билан хайрлашсалар?

– Бу жуда ҳам хато фикр, – деди Пинар хоним. – Капалаклар бир ҳафтадан бир йилга қадар умр кўрадилар. Жанубий Америкада яшовчи Prodoxus y-inversus капалаги эса, ҳатто 30 йилга қадар умр кўриши аниқланган. Хуллас, анови гапга ишонманг!

  Меҳмон дегани совға олишни ёқтиради. Бизга капалаклар ҳақидаги китоб, “Капалаклар водийси” ҳақидаги буклет, капалаклар тасвири туширилган суратлар ва эсдалик буюмлари солинган бежирим халтача совға қилишди.

  Унутманг, сиз ҳам Кўнияга, “Капалаклар водийси”га борсангиз, ана шундай совғалар беришади.

  “Капалаклар водийси”га эса, албатта, боринг! Асло ачинмайсиз! У ердан олиб қайтадиган таассуротларингиз анча вақт сизни тарк этмайди. Муҳими, қалбингиз гўзалликдан баҳра олади ва гўзалликка ошно бўлиб қолади!

  Каримберди Тўрамурод,

  Кўниядан Zarnews.uz учун махсус.