Карантин кунлари 48 та китоб ўқидим

«Зарафшон» газетаси ( 2020 йил 22 август, 92-сони)да чоп этилган «Беҳбудий бизни кечирармикан?» мақоласини ўқиб кўп фикрлар хаёлимдан ўтди.

Мақолада инсон ҳаётининг, вақтининг қадри, қандай яшаётгани-ю ўзини таҳлил қилиш билан боғлиқ фактлар, мисоллар келтирилган. Ношукурлик, аламзадалик, ўз айбини бошқаларга тўнкаш орқали кимларнидир муаммо сабабчисига айлантириш иллатлари ҳақида сўз юритилади.

Мақолада шунингдек, пандемия туфайли анча вақтимиз уйда ўтгани, уни қандай сарф қилганимиз ҳақида ҳам фикр билдирилган. Шуларни ўқирканман, ўз вақтимни қандай ўтказганим ҳақида ўйладим.

Тўғриси, китоб мутолаа қилишни ёқтирганим учун кўпроқ китоб ўқидим. Пандемия сабабли куни бўйи уйдаман. Бу - китоб ўқиш, ундан завқланиш учун яхши имконият бўлди. Хусусан, Михаил Булгаковнинг "Уста ва Маргарита", "Ит юрак",  Чингиз Айтматовнинг  "Қиёмат",  "Асрга татигулик кун", Толстойнинг  «Анна Каренина», А.Қориевнинг «Спитамен» асарлари, Иқбол Мирзо шеърлари, Саид Аҳмаднинг "Уфқ» романи ва бошқа кўплаб китобларни 48 китоб ўқидим. Институтда сўнгги босқичда таҳсил олиш баробарида мактабда рус тили ва адабиёти фанидан дарс бераман. Ўқувчиларим билан мулоқот қилиш давомида уларга фалон асарни ўқиётганим, унинг мазмуни ҳақида телеграм гуруҳимизда ёза бошладим. Буни қарангки, биз қайси китобни ўқийлик, деб сўрайдиган ўқувчилар кўпайди.

Бир куни ўзим ёқтирган газеталарни ўқиб чиққач, ундаги мақолалардан бирига муносабат ёзмоқчи бўлгандим, 8 ёшли жияним ёнимга келиб нима билан машғуллигимни сўраб қолди. Мақола ёзаяпман, дегандим, «унда мен эртак ёзай» деди. Ҳаракат қилиб кўр, деганимдан кейин астойдил бу машғулотга киришди. Сюжети, гап тузилишлари анча ўхшаб қолди. Устозларига жўнатган экан, раҳбаридан олқиш эшитибди. Айтмоқчиманки, инсон истаса, ҳаракат қилса кўп нарсага эришиши мумкин. Аммо ҳар бир эришилган ютуқ замирида билим, ҳаётга муҳаббат, ўз ишидан мамнунлик бўлса у татийди. Кишини янаям юқори марраларга ундайди.

Муниса ШАМСИЕВА.