Карантинда ифторлик уюштирган шахслар профилактика инспекторининг автомашинасига тош отиб, ойналарини синдирди

Шеробод тумани ИИБ навбатчилик қисмининг 2020 йил 14 май куни соат 21:00 ларда берган хабарига кўра, туманнинг Балхигузар маҳалласида яшовчи Д.Б. Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган карантин қоидалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 апрелдаги ПҚ-4687-сонли “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, республикамизда карантин давом этаётганлиги муносабати билан республиканинг барча ҳудудида “Таровеҳ намози” ҳамда ифторликларни қўни-қўшниларсиз ҳамда қариндош-уруғларсиз ўтказилиши кўрсатилишига қарамай, ўзининг яшаш хонадонида ўғиллари И.Д., Э.Д.лар билан биргаликда қариндош-уруғлари ва қўни-қўшниларини тўплаб, ифторлик ўтказаётганлиги тўғрисида тезкор маълумот келиб тушади.

Шунга асосан Шеробод тумани ички ишлар бўлими, туман Давлат хавфсизлик хизмати бўлими ҳамда Балхигузар маҳалласи раиси ҳамда профилактика инспекторлари билан биргаликда, соат 20:30 ларда Д.Б.нинг яшаш манзилига борилганида, ҳақиқатдан ҳам Д.Б. яшаш уйида 30 нафар шахсларга ифторлик ўтказаётганлиги аниқланади.

Шундан сўнг туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан Д.Б. ва унинг оила аъзоларига вилоятда карантин давом этаётганлиги тушунтирилиб, уларга ифторлик ўтказиб, жамоат бўлиб, “Таровеҳ намози”ни ўқиётганлиги юзасидан карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирмоқчи бўлган. Д.Б.нинг оила-аъзолари ва ифторликка ташриф буюрган қариндошлари томонидан ички ишлар бўлими ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатилиб, улар қўлларидаги нарса ва буюмлар билан туман ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси таянч пункти профилактика инспектори М.Холиқов бошқарувидаги “Тико” русумли автомашинага тош отиб, автомашинанинг ойналарини синдириб, шикаст етказган.

Ушбу жанжал жараёнида профилактика инспектори “бўйин ва чап қўл билак соҳаси тирналиб шилиниши” каби тан жароҳати олган.

Мазкур ҳолатдан сўнг воқеа жойига Шеробод тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи ходимлари борганида, уларга ҳам Д.Б.нинг фарзандлари ва қариндошлари, набиралари фаол қаршилик кўрсатишда давом этиб, туман ИИБ навбатчилик қисмига тегишли “Дамас” русумли автомашинанинг ҳам ойна ва кузовларига арматура ҳамда тош билан уриб, мазкур автомашинага ҳам шикаст етказган. Воқеа жойига туман ИИБ раҳбариятидан масъул бўлиб, тергов-тезкор гуруҳи таркибида келган Шеробод тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор Ў.Шукуровга ҳам “ўнг қўл билак пастки учлиги шилинган жароҳатланиши” каби тан жароҳати етказилган.

Сўнг воқеа жойига Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати батальони ходимларидан иборат қўшимча куч чақирилиб, улар ёрдамида Б.Д.нинг яшаш хонадонига борилганида, фуқаро Д.Э. 1,5 метр узунликда бўлган арматура бўлаги билан тўсатдан Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО ходими, катта сержант Ш.Собировнинг бош қисмига уриб, ўрта оғир даражада жароҳат етказган.

Жанжал вақтида Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО ходими, кичик сержант А.Қаршиев ҳам турли тан жароҳатлари билан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳодиса содир бўлган вақтда лейтенант М.Холиқов, майор Ў.Шукуров, катта сержант Ш.Собиров ва кичик сержант А.Қаршиевлар хизмат вақтида, хизмат кийимида, ҳушёр ҳолда бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йилнинг 15 май куни Шеробод тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати юқорида қайд этилган ҳодиса тафсилотлари ҳақида қўшимча равишда ахборот берилишини маълум қилди.