“Карьера маркази” битирувчиларни иш билан таъминлашга кўмаклашади

Гап Абу Али ибн Сино номидаги Сиёб жамоат саломатлиги техникумида Президент фармонига асосан ташкил этилган “Карьера маркази” ҳақида боряпти.

Бу марказни ташкил этишдан мақсад хорижий ва маҳаллий иш берувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ёшлар учун карьера бўйича маслаҳатлар бериш ҳамда битирувчиларга иш топишда кўмаклашишдан иборат.

Бугунги кунда таълим муассасасида 2165 нафар ўқувчи ҳамширалик иши, фельдшер-акушерлик иши, фармация, фельдшер-лаборантлик иши, тиббий профилактика иши каби йўналишларда таҳсил оляпти. Уларнинг 900 нафардан зиёди битирувчилардир. Марказда техникум битирувчилари меҳнат бозоридаги талаблар билан танишиш, малака ошириш, шунингдек, ўз қизиқишларига мос касб танлаш имкониятига эга бўлмоқда. Шунингдек, бу ерда турли семинар ва тренинглар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ёшлар учун реал иш имкониятларини яратишга қаратилган.

Касбий таълим ташкилотимизда йил давомида битирувчиларимизнинг 90 фоизга яқини юртимиздаги даволаш профилактика муассасаларида ўз соҳалари бўйича ишга жойлашиб, меҳнат фаолиятларини олиб боришмоқда. Карьера маркази аъзолари бугунги кунда техникумни битириш арафасида турган ёшларга доимий равишда иш берувчиларни жалб қилган ҳолда битирувчи ва иш берувчилар ўртасида учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этиб келмоқда.

Ҳозирга қадар даволаш профилактика муассасалари, иш берувчилар, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари билан доимий маълумотлар алмашиниб, шунингдек, битирувчилар ишга жойлашишда вакант жойларга муносиб номзодларга тавсиялар асосида ишга жойлашиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Марказ раҳбари Ш.Меҳмонқулова ва ишчи гуруҳ томонидан ўқувчи ва иш берувчилар ўртасидаги талаба ўқишни тамомлагач, иш билан таъминланиши тўғрида шартномалар имзоланиб, битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ишлар йўлга қўйилган.

Наргиза Мухторова.