Касаллик сабаб экспортдан қайтган маҳсулот ички бозорга сотилди

Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томондан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, бу йил арча унсимон қуртига қарши 25 гектардаги 21,8 мингдан ортиқ нинабаргли манзарали дарахтларга кимёвий усулда ишлов берилган, 51 гектар майдондаги 27,4 минг туп арча касалликларига қарши агротехник, 7 гектардаги 3,4 минг тупдан ортиқ арча касаллигига қарши эса биологик усулда кураш чоралари олиб борилган.

Бироқ карантин соҳасининг вазифаси фақат ўсимликлар касалликларига қарши курашиш эмас. Жорий йил 18 январда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари соҳа раҳбарларига экспортни амалга оширишга кўмаклашиш вазифасини ҳам қўйганди. Бунинг учун барча керакли шароит, имкониятлар яратилди, халқаро ва хорижий сертификатлар олинди. Аммо ҳануз "Экспорт қилинган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хорижий давлат черасидан қайтарилди" каби хабарлар пайдо бўлмоқда. Журналистларнинг бу борадаги саволларига бошқарма бошлиғининг ўринбосари Мирфаёз Маллаев шундай жавоб берди.

- Республика агентлигимиздаги марказий фитосанитар лабораториямиз халқаро аккредитациядан ўтган ва бу лабораториянинг хулосаси барча давлатларга ўтади, - дейди М.Маллаев. – Қоидага кўра, экспорт қилинаётган маҳсулот марказий фитосанитар лабораториядан ўтганлиги тўғрисида ПЦ-анализ бўлиши шарт. Агар бундай хулоса бўлмаса, маҳсулот хорижий давлат чегарасидан киритилмайди. Яқинда Россия давлатига чиқарилган 19 тонна 860 килограмм помидор маҳсулоти учун ҳам ПЦ хулосаси, ҳам ички ва ташқи сертификати хулосаси расмийлаштириб берилган. Юк етиб борганда улар маҳсулотда жигарранг бужмайиш касаллиги борлигини билдириб, маҳсулотни ортга қайтарди. Биз келган юкни ва етиштирилган майдондаги маҳсулотни қайтадан текширганимизда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмади ва помидор ички бозорга сотилди.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.