Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Касб-ҳунар коллежларида ўқув йили қандай якунланади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарорига кўра жорий йилда касб-ҳунар коллежларида ҳам ўқув йили онлайн тарзда якунланади.

Айни пайтда ўқувчилар вазифа ва дипломолди амалиётни қандай топширяпти? Бу йил фан олимпиадасининг қайси босқичлари ўтказилди? Якуний имтиҳонлар қай тарзда бўлади? Келгуси ўқув йилида касб-ҳунар коллежларида қандай ўзгариш кутиляпти?

Бу ҳақда вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Розиқ ФАЙЗИЕВ қуйидагиларни гапириб берди:

- Вилоятимиз касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган ўқувчиларнинг ҳаммаси битирувчилар, - дейди  Р.Файзиев. - 2019-2020 ўқув йилида жами 26314 нафар битирувчи, шулардан 9-синф  базасида 108 касб-ҳунар коллежида 23580 нафар, 11 йиллик базасида 19 та йўналиш бўйича 2734 нафар ўқувчи касбга йўналтирилган.  Битирувчилар ҳозирда уй вазифаларини ва дипломолди амалиётини масофавий тарзда телеграм мессенжери орқали уйда бажариб, кунлик ёзилган амалиёт кундалиги  ҳамда ҳисоботларни ўқитувчиларга топширяпти.

Жорий йил фан олимпиадасининг  II (ҳудудий) босқичи 11-12 январь кунлари Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежида ўтказилди. Олимпиаданинг  вилоят, яъни учинчи босқичи март ойида бўлиши керак эди. Аммо карантин сабабли қолдирилди. Фан олимпидасининг 3-4 босқичларини ўтказиш  Халқ таълими вазирлигининг фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти томонидан ўтказилиши белгиланган.                                            

Имтиҳонларга келсак, дипломолди амалиёт тугагандан кейин учта фандан якуний давлат аттестацияси бошланади. Булар - касбий-амалий, Ўзбекистон тарихи ва мутахассислик  фанлари. Бунда ҳар бир фан юзасидан 20 талик тест саволларидан иборат вариантлар ўқувчиларга юборилади. Улар белгиланган вақт мобайнида саволларга жавобни топиб, жавоблар варақасига белгилаб юборишади. Битирувчилар якуний давлат аттестацияси комиссияси томонидан тест саволларига берган жавоблари бўйича баҳоланади.

2020 йилда вилоятимизда 35 касб-ҳунар коллежи ёпилади ва 2020-2021 ўқув йилида  64 та янги профессионал касб-ҳунар коллежи очилиб, 162 касб бўйича 18325 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ ёзиб олди.