Тугатилаётган коллежларнинг жиҳозлари кимга берилади?
Вазирлар Маҳкамасининг “Фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд жиҳозлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори regulation.gov.uz саҳифасига жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Профессионал таълим тизимини янада такоммилаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 июлдаги 14/1-244-сонли хатига мувофиқ фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежлари балансидаги хорижий инвестициялар ҳисобидан етказиб берилган кичик технологик жиҳозлар (мини цехлар), устахона асбоб-ускуналари ва ўқув-лаборатория жиҳозларидан самарали фойдаланишни тартибга солиш мақсадида:
1. Республикада фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежлари балансидаги хорижий инвестициялар ҳисобидан етказиб берилган мини цехлар, устахона асбоб-ускуналари ва ўқув-лаборатория жиҳозлари иловага асосан 2019 йилнинг 1 ноябрь кунига қадар тегишли олий ва профессионал таълим муассасаларига балансдан-балансга ўтказилсин.
2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий ва профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар:
хорижий инвестициялар ҳисобидан етказиб берилган мини цехлар, устахона асбоб-ускуналари ва бошқа ўқув-лаборатория жиҳозларини балансдан-балансга ўтказиш ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласин;
товар-моддий қийматликларнинг талон-тарож қилиниши ва шикастланишига йўл қўймаслик чораларини кўрсин;
балансдан-балансга ўтказилаётган товар-моддий қийматликларни устахона ва ўқув хоналарига белгиланган тартибда жойлаштириш (ўрнатиш), моддий жавобгар шахсларни бириктирган ҳолда бут сақланиши ва улардан таълим жараёнида самарали фойдаланилиши назорат қилинишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги таълим муассасаларига хорижий инвестициялар ҳисобидан берилган мини цехларни кўчириб ўтказиш ва биноларни таъмирлаш ҳамда электрмонтаж ишларини амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағни давлат бюджетидан ажратиш чораларини кўрсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ келгусида:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ҳисобидаги хорижий инвестициялар ва давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилган мини цехлар, устахона асбоб-ускуналари, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва транспорт воситаларини олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғига асосан эҳтиёжманд таълим муассасаларига балансдан-балансга ўтказишга рухсат берилади;
жиҳоз ва транспорт воситаларини республикадаги бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар тизимидаги таълим муассасаларига балансдан-балансга ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан амалга оширилади.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклансин.