Каспий денгизининг суви қизил рангга кирди. Бу ниманинг аломати?
Қозоғистон Республикасининг Приморе овули яқинида Каспий денгизи суви ҳар йили январ ойида қизил тусга киради. Energyglobalnews.com сайтининг хабар беришича, бу ҳодиса 2020 йил 11 февралда кузатилган ва қизил денгиз суви ижтимоий тармоқларда кўплаб музокараларга сабаб бўлган.
Бир қарашда қонли тусдаги сувни кўрган одамда “бу ерда қотиллик бўлган”, деган фикр уйғониши мумкин. Айримлар эса ҳайвонларга нисбатан ваҳшийлик қилинганликка гумон қилса, бошқа биров денгизга турли чиқиндиларни ташлаш оқибатидаги турли кимёвий моддаларни сабаб қилиб келтиради. Аслида эса қандай?
Аслида мовий ранг сувнинг қизил тусга киришига асосий сабаб умуман бошқа. Турли хорижий сайтларнинг хабар беришича, жараён диатом сув ўтлари билан боғлиқ ҳодиса ҳисобланади. Маълумотларга кўра, диатом сув ўтлари ранги оч қизилдан тўқ қизилгача ўзгариб туради. Уларнинг 3800 дан зиёд турлари бор. Каспийда уларнинг полисифония, мелобезия, лауренция каби 25 тури учрайди. Аммо диатом сув ўтларининг сувости ҳаётига асло зарари йўқ, шунингдек, инсонларга ҳам. Балиқларга ҳам ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Маълумотларга кўра, сув ўтларининг денгиз қирғоқларидан кенглик масофаси беш метрни, узунлиги эса тахминан икки километрни ташкил этади.
Бу ҳар йили такрорланадиган ҳодиса. — дейди Манғистау вилоят экология департаменти лаборатория таҳлиллари назорат бўлими бошлиғи Раушан Тўлепова. — Каспийда сув ўтлари қизил рангда бўлади ва улар бир жойда гала бўлиб ўсади. Ваҳима қилишга мутлақо ҳожат йўқ.
Юлдуз Ўрмонова тайёрлади.