Катта Фарғона каналини бунёд этишда иштирок этган 103 ёшли момонинг кўзлари кўра бошлади
Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонасига Чироқчи тумани Бешчашма маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 103 ёшли Жумагул момо Эшназарова кўзлари хиралашганидан шикоят қилиб мурожаат қилган эди.
Жумагул момо шифохонада тўлиқ текширувдан ўтказилиб, унга асоратли катаракта ташхиси қўйилди. Момо аввалига “Головин–Сивцев” жадвалида (кўз шифокорлари хонасида осиғлиқ турадиган турли катталикдаги ҳарфлар ва шакллардан иборат жадвал) бор-йўғи 2 қатор ҳарф кўра олар эди.
Олти кунлик амбулатор даволаш тадбирларидан сўнг момонинг кўзлари равшанлашиб, жадвалдаги 5 қатор ҳарфларни тўлиқ кўра бошлади. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Шифокорларнинг қайд этишича, шу ёшда бундай ҳолат ҳайратланарли ҳодиса ҳисобланар экан.
– Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, келгусида шифохонамизга келтирилган замонавий факоэмульсификатор ускунаси ёрдамида момонинг кўзларига сунъий гавҳар қўйишни мўлжаллаяпмиз, – дейди шифокор Даврон Бердиев. – Ажабмас, момомиз яна чеварчилик билан шуғулланиб қолсалар...
Ёшлигида Катта Фарғона каналини бунёд этишда иштирок этган Жумагул момо ҳали тетик ва бардам. Момо шифокорларга чин дилдан миннатдорлик билдириб, касб байрами билан табриклади.