Каттақўрғон шаҳар прокуратурасидан ибратли ташаббус

Каттақўрғон шаҳар прокуратураси таҳлилларига кўра, бугунги кунда шаҳарда ўзлаштириши паст, профилактик ҳисобда турувчи ва мактаб ички назоратига олинган 818 нафар ўқувчининг қизиқишига мос, уларни рағбатлантирадиган тўгарак ва танловлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Иқтидорли ва билимдон тенгдошлари билан беллашиш имконияти йўқлиги уларда турли мусобақаларда қатнашиш иштиёқини уйғотмаган.
Шу сабабли Каттақўрғон шаҳар прокуратураси бу тоифадаги ўқувчилар ўртасида мактаб ва шаҳар босқичидан иборат бўлган “Мен энг яхши, энг жаоатчи, энг фаол ўқувчи бўла оламан” кўрик-танловини ўтказиш ташаббусини билдирди. Шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими бўлими эса буни қўллаб-қувватлади ва амалий ёрдам берди.
Бу айни вақтда Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлашнинг бир кўриниши ҳам бўлди.
Танловнинг мактабларда ўтказилган дастлабки босқичида 818 нафар ўқувчи қамраб олинди. Улар китобхонлик, билим, спорт ва бошқа йўналишларда ўз имкониятларини намоён этди. Бу ўғил-қизлар орасидан 54 нафар ғолиб ўқувчи танловнинг кейинги, шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шаҳар босқичида ўқувчилар ўзларини “Мен ўқиган китоб”, “Мен севган асар”, “Ўз истеъдодингни намойиш эт” йўналишда синаб кўрди. Бошқа тенгдошларидан кам бўлмаган тарзда танловда фаол қатнашди. Шу боис ғолибларни айниқлаш осон бўлмади.
– Биз бу ташаббусни бошлаганимизда танлов бунчалик кенг кўлам касб этишини тасаввур қилмагандик, – дейди Каттақўрғон шаҳар прокурори Ш.Жумаев. – Мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчиларнинг ота-оналари, яқинлари танловни жуда кўтаринки кайфиятда қабул қилди. Болаларни қўллаб-қувватлашди, ўзларини кўрсатишлари учун руҳлантиришди. Муҳими, танлов сабаб бўлиб кўплаб ўқувчиларнинг юриш-туриши, ахлоқи, ўқишга муносабати ўзгарди. Бизнинг ҳам асосий мақсадимиз шу эди аслида.
Каттақўрғон драма театрида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ўқитувчилар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари таклиф этилди. Ғолиб ўқувчиларни тақдирлаш, табриклаш учун Каттақўрғонга таниқли шоир ва ёзувчилар, халқимиз эъзозидаги театр ва кино актёрлари келди.
– Аввало, тадбир муқаддас даргоҳ – театр биносида ўтказилаётгани катта аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Яна бир муҳим жиҳати, бу ўқувчиларни прокуратура, ҳокимлик ва бошқа яна бир қатор ташкилотлар, бутун шаҳар жамоатчилиги қўллаб-қувватлаяпти, олқишлаяпти. Бундай тадбирлар республика миқёсида кенг оммалаштирилиши керак, деб ўйлайман.
Танловда фаол иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллаган ўқувчиларга учта компьютер жамланмаси топширилди. Учта иккинчи ўрин эгалари телевизор, учинчи ўринга муносиб деб топилган ўқувчилар эса планшет билан тақдирланди.
– Шу пайтга қадар вақт қадри нима эканлигини тўлиқ англаб етмагандим, – дейди танлов ғолиби Севара Турсунова. – Бу танлов эса менинг қарашларимни ўзгартирди. Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиш учун нималарга эътибор қаратиш кераклигини ўргатди. Энди бундан буён олдимга қўйган мақсад сари қатъий ҳаракат қиламан. Кўпроқ ўқийман, кўпроқ изланаман, яна ҳам фаол бўлишга интиламан.
Тўлқин СИДДИҚОВ.