Каттақўрғон шаҳрида амалий ёрдам кўрсатилмасдан “Ёшлар дафтари”дан чиқарилганлар бор экан

Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижаларини мониторинг қилиш мақсадида жойларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, бу борада yoshlardaftari.uz электрон платформасидан ҳам самарали фойдаланмоқда.

Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, навбатдаги мониторинг ишлари Каттақўрғон шаҳрида ўтказилди ва бу жараёнда бир қатор камчиликлар аниқланди.

Мисол учун, Каттақўрғон шаҳар 1-сектор ҳудудидаги Ермачит маҳалласида яшовчи Шоҳрур Муҳаммадиев ишсизлиги туфайли “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ишга жойлаштирилмасдан дафтардан чиқарилган.

2-сектор ҳудудидаги Қориравот маҳалласида яшовчи Азиза Шаропова ишсизлиги туфайли “Ёшлар дафтари”га киритилган ва доимий иш ўрнига жойлаштирилди, деб "дафтар"дан чиқарилган. Бироқ, ушбу фуқаро билан суҳбат давомида, у ҳеч қандай ишга жойлаштирилмагани ва айни пайтда бола парвариши таътилида эканлигини маълум қилди. Шу секторнинг Кунжупай маҳалласида яшовчи Азизбек Хайруллаев билан ҳам шундай ҳолат юзага келгани аниқланди.

3-сектор ҳудудига қарашли Ислом шоир маҳалласида яшовчи Отабек Эрдонов ҳам ишсизлиги туфайли “Ёшлар дафтари”да қайд этилган ва “Истеъдодини қўллаб-қувватлаш” деган “асос” билан рўйхатдан чиқарилган. Аммо фуқаро билан боғланиш учун кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилинганда, бу рақам О.Эрдоновга тегишли эмаслиги, шунингдек, дафтардан чиқарилганлигини асословчи ҳужжатга бошқа маълумот юклангани аниқланди. Шу каби ҳолат ушбу маҳаллада яшовчи бошқа бир ёшда ҳам кузатилган.

4-сектор ҳудудидаги Зомин маҳалласида яшовчи Фурқат Қамариддинов “1 миллион 40 минг сўмлик меҳнат қуроли ажратилди” деб “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган. Фуқаро билан боғланилганда эса ҳеч қандай меҳнат қуроли олмаганлигини маълум қилган.