"Ёшлар дафтари"ни шакллантиришнинг пастдарғомча усули

“Ёшлар дафтари”га киритилган пастдарғомлик йигит-қизларга ер ажратиш масалалари билан яқиндан танишиш мақсадида шу туманда бўлдик.

Аввало туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элдор Бердиев билан қисқагина суҳбат қурдик. Тўлиқроқ маълумотни кейинроқ беришини айтди. Кейинроқ эса ҳоким ўринбосари ҳам, бошқа масъуллар ҳам йиғилишлардан бўшамади, шекилли, учрашолмадик.

Жойлардаги аҳволни ўрганиш учун Илм маҳалласига бордик.

Маҳаллада 30 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган.

- “Дафтар”да турган ёшларнинг бир нафарига мотокультиватор, яна бирига тикув машинаси берилди, - дейди маҳалла раиси ўринбосари Акром Ҳасанов. – Қолган 28 нафарига фермер хўжаликлари майдонларидан ер майдони берилган.

- Ишсизлигим туфайли “Ёшлар дафтари”га киритилгандим, - дейди шу маҳаллада яшовчи Мансур Амиров. – Уйимизга яқин жойдан 25 сотих ер майдони ажратилди. Бу ерга сабзи, шолғом, картошка экдим.

"Темир йўл" маҳалласида 18 нафар ёш “дафтар"га киритилган экан. Аммо уларнинг бандлигини таъминлаш, ер ажратиш бўйича кўрилган чоралар негадир бошқа жойлардагига ўхшамайди. Биз шу пайтгача ишсиз бўлиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва туман ҳокимлиги кўмагида ер ажратиб берилган ёшлар билан суҳбат қуришимиз кераклигини масъулларга айтдик. Афсуски, фаоллар бизга “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит ёки қизни топиб беролмади. Шу йил мактабни битирган йигит-қизларга ер ажратилганлигига бизни ишонтирмоқчи бўлишди. Битирувчилардан бири ер унга эмас, акасига берилганини айтди. Бошқаси эса...

Аслида шу йил мактабни битирган йигит-қизлар қачон ва қай тартибда “Ёшлар дафтари”га киритилиши мумкин?

- Нари борса 10 кундан кейин аниқ бўлади, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Сабаби, вилоятимизда 52 мингдан зиёд битирувчи бўлса, тахминан 11 мингдан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга киради. Ҳозирда 50 мингдан зиёд ёшлар ўқишга ҳужжат топширган. Демак, 41 мингдан ортиқ йигит-қизлар меҳнат бозорига кириб келади. Ёшлар онлайн платформа орқали ҳам “дафтар”га кириши мумкин, аммо уларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, сараланади.

Паст Дарғомда шу йил мактабни битирган йигит-қизлар “Ёшлар дафтари”га киритилганми? Ёки бу “дафтар”ни шакллантиришнинг пастдарғомча усулимикан?!

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.