Каттақўрғон шаҳрида республикада илк тажриба сифатида вилоят кардиология марказининг филиали очилади

Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сонли оилавий поликлиникасига илмий-амалий ёрдам кўрсатиш учун ташриф буюрган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов ва бир гуруҳ соҳа мутасаддилари шаҳарда ушбу марказнинг филиалини ташкил этиш бўйича фикр алмашди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова билан суҳбат ҳам шу хусусда бўлди.
Каттақўрғон шаҳар филиали сифатида ушбу марказ демографик жойлашуви бўйича олтита, яъни Каттақўрғон шаҳри, Нарпай, Пахтачи, Иштихон, Нуробод ҳамда Каттақўрғон туманига, жами 600 минг аҳолига хизмат кўрсатиш орқали кардиологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имкони яратилади. Яна бир муҳим томони, филиалда ишлаш учун вилоят ҳамда Республика кардиология марказининг етук ва малакали мутахассислари жалб қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, Хуршид Фозилов марказга бугунги кунда аҳоли ўртасида энг кўп учраётган юрак-қон томири касалликларини аниқлашда муҳим бўлган восита бўлган ангиограф текширув аппарати ҳам берилишини айтиб ўтди.

Шу куни илмий текшириш институтининг ҳамда вилоят кардиология шифохонасининг малакали мутахассислари томонидан 1-сонли оилавий поликлиникада кам таъминланган оилалардан юқори технологик операцияга муҳтож бўлган беморлар тиббий кўрикдан ўтазилди.
Тиббий кўрик натижасида 51 нафар беморларнинг 36 нафарига амбулатор, 15 нафарига стационар шароитда шифохонада даволанишга, 14 нафарига эса юқори технологик операция ўтказилишига тавсия берилди.