Каттақўрғон ва Иштихондаги мактабларнинг халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлиги қониқарсиз

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда умумтаълим муассасаларида Халқаро баҳолаш дастурларига кўрилаётган тайёргарлик, профессионал таълим муассасаларидаги янги ўқув йилига ҳозирлик жараёнларини кўздан кечириш мақсадида Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Иштихон туманларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов, бош мутахассис Зафар Тўраев, вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ҳожиқулов, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари иштирокида муассасалардаги ҳолат ўрганилди.

Каттақўрғон шаҳридаги 18 та мактабнинг Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриши бўйича шаҳардаги 3-умумтаълим мактаби таянч мактаб ҳисобланади. Ўрганиш давомида мактаб ва шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорликда айрим вазифалар амалга оширилмагани аниқланди. Масалан, карантин даврида таянч мактаб томонидан ўқитувчилар иштирокида мавжуд ҳолатдан келиб чиққан ҳолда онлайн семинарлар ташкил этилмаган. Таянч мактабда аниқланган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Каттақўрғон туманидаги 2- ва 17-умумтаълим мактабларида эса ушбу ҳолатнинг тамоман аксини кузатиш мумкин. Аниқроғи, Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича ушбу мактабларда тажриба тўпланган. Бу борада қўйилган талаблар масъул раҳбарлар томонидан моҳиятан англаниб, нуфузли синовга муносиб ҳозирлик кўрилган. Масалан, махсус бурчак ташкил этилган, бириктирилган мактаблар билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган. Ўқитувчиларнинг малака тоифалари бўйича рўйхат шакллантирилиб, ўқувчиларнинг ўқиш, табиий ва математик саводхонлигини ошириш бўйича малакали ўқитувчиларнинг тажрибаси оммалаштирилмоқда.

Иштихон туманидаги ҳар бирига қирқдан ортиқ мактаблар бириктирилган 1- ва 33-таянч умумтаълим мактабларида бу борадаги муҳим вазифаларнинг бажарилиши қониқарсиз деб топилди.

Ғ.Бобохолов таянч мактабларда аниқланган камчиликлар, айни пайтга қадар амалга оширилмаган ишлар юзасидан мактаб директорларига топшириқлар берди. Ҳар бир фан бўйича ўқитувчиларга методик тавсиялар жойлаштириб бориладиган алоҳида телеграм гуруҳларини шакллантириш, бугунги карантин даврида санитар-гигиеник қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда онлайн семинарлар ўтказиш, тўпланган тажрибаларни ҳар бир таълим муассасасида оммалаштириш бўйича тавсиялар берди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳузуридаги Каттақўрғон иқтисодиёт техникумига янги ўқув йилидан 900 нафар ўқувчи қабул қилиниши кўзда тутилган. Бу бўйича зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ институт ва техникум ўртасида тузиладиган йўл харитаси, зарур чора-тадбирлар масаласида камчиликлар кўзга ташланди.

Каттақўрғон тумани 1-сон, Иштихон туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабларига 7 йўналиш бўйича 210 нафардан ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган. Ушбу мактабларда ҳам янги ўқув йилига кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишилди. Устахоналар, ўқувчиларга касб-ҳунар сирларини ўргатиш бўйича яратилган шароитлар ўрганилиб, аниқ тавсиялар берилди.

Дарҳақиқат, бугун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Оқдарё ва Нуробод туманларидаги таълим муассасалари фаолияти ўрганилмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.