Каттақўрғонда “Ингичка бойитиш фабрикаси” фойдаланишга топширилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги “2022-2026 йилларда “Олмалиқ КМК” АЖнинг “Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унинг ижросига кўра Самарқандда “Ингичка вольфрам кони”нинг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш учун ОКМКга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома тақдим этилган эди.
Шунга кўра, Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка шаҳарчасида “Ингичка бойитиш фабрикаси” ишга туширилди. Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Олмалиқ кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдулла Хурсандов иштирок этди.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш борасида “Ингичка” вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш, вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ишлари бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, комбинат мутахассислари томонидан мазкур объектда республикада илк маротаба вольфрам таркибли техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологияси саноат миқёсида йўлга қўйилди. Мазкур технологиянинг саноатга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг август ойида ушбу конда илк маҳсулот олинишига эришилди ҳамда ушбу маҳсулотга халқаро сертификат берилди.
“Олмалиқ КМК" АЖ таркибидаги “Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси”нинг ривожланиш дастурига асосан Ингичка конининг қолдиқларидан йилига 150 тонна қувватга эга вольфрам концентратини 35 фоиз WО3, яъни вольфрам оксиди билан бойитиш режалаштирилган. Кейинчалик, “Ингичка” конининг қолдиқлари ишлаб чиқаришга тўлиқ жалб қилинганда йилига 100 тонна вольфрам металли олинади.
Технология жорий этиш натижасида 2023 йил биринчи босқичда 5,7 млрд. сўмлик 100 тонна ва 2024 йилда 13,7 млрд. сўмлик 285 тонна (ўртача 28 фоизлик WO3) вольфрам концентрати олинади. Шу билан бирга, 2023 йилда қўшимча экспортбоп умумий қиймати 1,8 млн. долларлик 27,0 тонна вольфрам штабиклари ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 млрд. сўмлик 36,0 тонна қаттиқ қотишмалар, асбоблар (кескич, парма) ишлаб чиқарилади.
- Ингичка вольфрам кони Зирабулоқ тоғларининг жанубий-шарқий этакларида жойлашган бўлиб, ҳудудда ўртача 0,082 фоизлик 19 771 минг тонна ҳажмдаги вольфрам таркибли чиқиндилар мавжуд, - дейди А.Хурсандов. - Уларнинг таркибидан ойига 9-10 тоннагача вольфрам концентратини олиш мумкин. Чиқиндиларни қайта ишлаш, вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади. Бу йилига комбинатга 2,0 млн. доллар фойда келтиради.
Ушбу объектнинг ишга туширилиши ўз навбатида ҳудудни ривожлантириш ва янги иш ўринлари биринчи босқичда 82 та ва иккинчи босқичда 200 та яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровонликка хизмат қилади.
Фазлиддин Рўзибоев.