Каттақўрғонда ўғирлик содир қилиб юрган жиноий гуруҳ қўлга олинди
10 февраль куни Каттақўрғон шаҳар ИИБга Каттақўрғон тумани Шийпон қишлоғида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Каттақўрғон шаҳар Алишер Навоий кўчасида жойлашган қўл телефони ва унинг эҳтиёт қисмлари сотиладиган дўконга номаълум шахс ўғриликка кириб, 8 миллион сўмлик телефон аппаратларини олиб кетганлигини маълум қилган.
Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноят муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми билан судланган, ички ишлар органларининг қидирувида бўлган 1997 йилда туғилган, Тошкент вилояти Бекобод тумани Аббосова кўчасида яшовчи, Д.Ш., 2003 йилда туғилган, шу манзилда яшовчи, А.Ш., 2006 йилда туғилган, Жиззах вилояти Жиззах шаҳри “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи М.Р., 2004 йилда туғилган, Сирдарё вилояти Сирдарё шаҳрида яшаб келган Қ.Б.лар томонидан содир этилганлиги аниқланди. Улардан 3 дона “Inoyi” русумли ҳамда 1 дона “J-2” русумли қўл телефонлари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Бундан ташқари, ушбу шахслар билан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида улар 2021 йилнинг 8 февраль куни Каттақўрғон тумани Навбаҳор маҳалласи Муллакичкина қишлоғида яшовчи фуқарога тегишли бўлган савдо дўконига ғайриқонуний равишда кирмоқчи бўлган вақтида, жабрланувчи келганлигини кўриб қолиб, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноятни охирига етказа олмаганликлари аниқланди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.