Каттақўрғонлик кутубхоначи - республика танлови ғолиби

"INFOLIB O‘ZBEKISTON - 2024" XIII Миллий ахборот - кутубхона ҳафталиги ниҳоясига етди.

Унинг доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси” кўрик-танлови республика босқичи ўтказилди. Танловда Каттақўрғон шаҳри ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Нилуфар Инатуллаева иккинчи ўриннни эгаллаб, 36 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

- Танловнинг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаганимда менда ҳаяжон ва ҳадик жуда кучли эди, - дейди Нилуфар Инатуллаева. – Сабаби, олдинда бутун бир вилоятимиз шаънини ҳимоя қилишим керак эди. Республика босқичида ҳам ғолиб бўлишимга устозларим катта ишонч билдирди. Шу ишончни оқлаш учун ҳам ҳаракат қилдим. Танлов шартлари кўп ва осон эмасди. Тунларни бедор ўтказиб, тайёргарлик кўрдим. Болаликдан китобга қўйган меҳрим, кутубхоначиликда орттирган тажрибам, устозлар кўмаги, дуоси ва маслаҳатлари ҳамда қисқа вақт ичидаги тинимсиз тайёргарлик туфайли ғолиблар сафидан жой олдим.

Шунингдек, ҳафталик доирасида давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари, турли маҳорат дарслари, танлов ҳамда интеллектуал ўйинлардан иборат 30 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистон кутубхоначилари – янги куч, янги имкониятлар, янги марралар!” шиори остидаги ёш кутубхоначилар форуми доирасида ташкил этилган "Сиз ҳақингиздаги китоб муқоваси тасаввурингизда" расмлар танловида вилоят ахборот-кутубхона маркази ходими Мадина Салоҳитдинова Миллий кутубхонанинг I даражали дипломи ва эсдалик совғасини қўлга киритди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ (фото).