Каттақўрғонликлар “Чарм тўп”да республикада беллашади

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 13-14 ёшлилар ўртасида мини футбол бўйича “Чарм тўп” мусобақасининг минтақавий босқичи ўтказилди.

Беллашув Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Унда Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларидан жамоалар яшил майдонда баҳсга киришди.

Мусобақа натижасига кўра, Каттақўрғон туманининг Қумоқ маҳалласи, “Қумоқ” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақасининг республика босқичи йўлланмасини олди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Қашқадарёнинг Касби тумани, Қатағон маҳалласи, “Ёш куч” жамоасига, Сурхондарё вилояти, Шеробод туманининг Қўрғон маҳалласи, “Қўрғон” жамоасига насиб этди.

Ахрор Шамсиев.