Каттақўрғонликлар қандолатчилик брендини яратмоқчи, ширинликлар, ҳолва, торт ва маҳаллий пишириқлар экспортини йўлга қўймоқчи

Каттақўрғон шаҳрида қандолатчиликни кенг тарғиб қилиш, ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар билан тажриба алмашиш ва маҳорат дарслари ташкил этиш мақсадида “Каттақўрғон ширинликлари ва нон” фестивали бўлиб ўтди.

Унда республикамизнинг турли вилоятлари ва қўшни туманлардан келган меҳмонлар, тадбиркорлар, идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова маҳаллий қандолатчилик маҳсулотлари ва ширинликлар тайёрланадиган ҳунармандчиликнинг мазкур йўналишини қадимдан ривожлангани ва уни келгусида ҳам давом эттириш кераклигини таъкидлади.

- Каттақўрғон шаҳрида қадимдан ҳунармандчилик, қандолатчилик ва ҳолвапазлик кенг ривожланган, - деди Г.Алимова. - Шаҳар бозорида мазали ширинликлар сотилган ва карвон билан келган йўловчилар қандолатчилик маҳсулотларидан харид қилиб, юртларига ҳам олиб кетишган. Ҳозирги кунда Каттақўрғон шаҳрида қандолатчилик йўналишида юздан ортиқ оилавий ва хусусий тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда.

Ширинликлар табиий маҳсулотлардан тайёрланиб, кишига қувват беради. Қолаверса, бу маҳсулотларга сайёҳларнинг ҳам талаби ортиб боряпти. Келгусида шаҳардаги 24 минг хонадонда қандолатчилик билан шуғулланаётганлар сонини кўпайтириб, шахсий брендимизни яратамиз ва экспортни ҳам йўлга қўямиз.

Фестиваль доирасида ширинликлар ва миллий ҳолвалар, торт ва маҳаллий пишириқлар, шарбатлар ва табиий ичимликлар, нон ва нон маҳсулотлари, ҳамда миллий таомлар йўналишларида пазандалар беллашувлари ташкил этилди. Ғолиблар “Энг ёш ҳунарманд”, ”Энг моҳир ҳолвагар”, “Қадимий сулола давомчиси”, “Энг зўр пазанда”, “Энг ширин торт муаллифи”, “Энг зўр миллий таом соҳиби” ва “Энг моҳир ширинлик соҳиби” номинациялари бўйича тақдирланди.

Тадбир давомида қандолат, нон ва нон маҳсулотлари, маҳаллий пишириқлар кўргазмалари, ош танлови, саҳна кўринишлари ҳамда маданий дастурлар намойиш этилди.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.