Кечаги кун
Бир синф, бир ўқитувчи, бир ўқувчи
Сўнгги кунларда "Ўқиш бўларкан, бўлмас экан" мавзуси чинакам "тренд"га чиқди.
Мен қуйида бу ҳақида фикр юритмоқчи эмасман.
Бугун эрталаб мактабга тайёргарлик кўраётган 2-синф қизимга "Қизалоғим, жуда совуқ-ку, синф ҳам совуқдир, мактабга бормасангчи?"- деганимда, қизим дарсга боргиси келаётганини айтиб, олиб боришимни илтимос қилди. Йўллардаги сирпанчиқни инобатга олиб, кўча уловида ишга отланаётган ҳолимда, қизимнинг мактабга бориш раъйини қайтаргим келмай, Яратганнинг Ўзидан оқ йўл тилаб, машинамизда ота-бола йўлга чиқдик.
Йўлда жуда секин, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланганимиз ҳисобига дарсга 5-6 дақиқа кеч қолдик. Кечикишга ҳеч ўрганмаган қизимга устози албатта бу ҳолатни тўғри тушунишини йўл-йўлакай уқтириб бордим. Йўлда муз ёки қорда сирпаниб йиқилмасин дея, қизимни мактаб дарвозасидан то синфига қадар қўлидан тутиб бордим. Синфга борсак, синфда фақат устоз бор экан. Очиқ чеҳра билан ўқувчисини-боласини қарши олди.
Ташқари ўта совуқ бўлса-да, аммо синфда кондиционер ва электр печи ёқилган, синфхона ҳарорати дарс учун яхши ҳолатда эди.
- Устоз, агар, бир ўзи бўлса, қизимни қайтариб олиб кетайми?" дегандим, - "Қолган болажонларим ҳам келиб қолишар, кутиб ўтирибман" деди. Қизим ҳам кетишни истамади.
Хайрлашар эканман, устозга "Синфдошлари келмаса, истаган пайтингизда айтинг, олиб кетаман", деб ҳам тайинладим.
Соат 12:50 да уйдан қўнғироқ бўлиб, қизимни мактабдан олишимни айтишди.
Мактабга бордим. Борсам, Устоз-шогирд иккиси синфда дарс билан машғул экан.
- Бугун қизим иккимизгина ўқидик-да, - деди устоз самимий.
- Нимага айтмадингиз устоз? Олиб кетардик, бир ўзига дарс берганингиздан кўра, - дедим миннатдор бўлиб.
Устоз эса "Бу менинг вазифам, бурчим, мен ундай қилаолмайман", деди ишонч билан.
Устозга ташаккур изҳор қилиб, хайрлашиб, ота-бола яна йўлда секинуйга кетдик.
Мактабда куннинг иккинчи ярмида соат 16:00 гача турли тўгараклар йўлга қўйилганлиги учун тушлик берилади. Устоз-шогирд биргаликда мактаб ошхонасида тушлик қилиб олишибди.
Кейин устоз уйга қўнғироқ қилиб, болаларга бугунча тўгараклар бўлмаслигини, қизимизни олиб кетишимиз мумкинлигини айтган экан. Қарангки, шу қўнғироқда ҳам устоз қизимизнинг биргина ўзига дарс ўтганини айтмабди.
Йўл-йўлакай қизим устози унинг бир ўзига бугунги дарс жадвалидаги барча дарсларни худди доимги рисоладагидек қилиб, соат 12:30 га қадар тўлиқ ўтганлигини, қўшимча равишда ўқиш саводхонлиги, диктант, математик масалалар каби қўшимча машғулотлар билан шуғулланишганини айтиб берди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”, деб ривоят қилинган ҳадис ҳамда Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисраларини хаёлимдан ўтказдим:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.
Шерзод Суванқулов.