Кечиккан оқлов ёхуд 37 кишини жиноятчига чиқарган, таги пуч айбловнинг бекор бўлиш тарихи ҳақида
37 кишини жиноятчига чиқарган, таги пуч айбловнинг бекор бўлиш тарихи ва соҳадаги муаммолар хусусида икки йилда роппа-роса 100 нафар фуқаронинг оқланишига эришган адвокат билан суҳбат.
Бирмунча аввал матбуот нашрлари Навоий вилоятида бир жиноят иши доирасида бирйўла 37 киши оқлангани ҳақида хабар берган эди. Қисқагина хабарда жиноят иши тафсилотлари очиқланмаган, фақат ушбу 37 маҳкумдан 7 нафарига жарима, 9 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари ва 21 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашга асос бўлган НОҲАҚ АЙБЛОВ бекор қилиниб, уларга нисбатан юритилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли тугатилгани ҳамда уларга реабилитация бўлган ҳуқуқлари, яъни моддий ва маънавий зарарларни ундириш чоралари кўрилаётгани айтилганди, холос.
Хабарда келтирилган рақамлар эътиборимизни тортди. Зеро, бир жиноят иши доирасида ҳукм қилинган 37 кишининг бир кунда оқланиб, озодликка чиқарилиши катта воқеа. Айниқса, судларимиз томонидан оқлов ҳукм ва ажримларни чиқариш амалиёти энди-энди йўлга қўйилаётганини ҳисобга олсак. Бинобарин, бу ишнинг тафсилотлари ҳам ҳар қандай одамга қизиқ туюлиши табиий. Собиқ маҳкумлар кимлар ўзи, қандай жиноятда айбланишган, нега ёппасига жавобгарликка тортилган? Ва, ниҳоят, шундай катта «гуруҳ»нинг бирваракайига озод қилингани «дело» аввалбошдан бичиб-тўқилганини англатмайдими?
Оқланувчиларнинг адвокатлари билан боғланиб, ана шу саволларга жавоб олишни ўйлаб юрганимизда озодликка чиққан фуқароларнинг ўзи Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига мурожаат қилиб, уларнинг «судланган» деган тамғадан халос бўлишида жонбозлик кўрсатган адвокат Зафар Таировга миннатдорлик билдиришганидан хабар топдик. Яъни, маълум бўлдики, шу оқланган 37 кишидан 36 нафарини битта адвокат ҳимоя қилган экан! Бу эътироф қизиқишимизни янада оширди ва адвокат билан боғланиб, мазкур жиноят иши тўғрисида сўраб-суриштирдик.
* * *
... 2016 йилда Бухоро вилояти «Пахтасаноат» АЖ раҳбарлари ва унинг тизимдаги туман пахта тозалаш заводлари директорлари ва ишчи-ходимлари тергов органлари томонидан «босилади» ва бошлиқдан тортиб, бўлим мудирлари ва бошқа раҳбар ходимлар, ишчилар — ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш)нинг 3-қисми «а», «в» бандлари ва бошқа моддалар билан жавобгарликка тортилади.
— Бу иш менга аввалдан таниш, ҳатто ёд бўлиб кетган эди десам ҳам бўлади. Чунки ўша жараёнда мен айбланувчилардан икки нафарининг, биринчи босқич суди жараёнида эса уч нафарининг ҳимоячиси сифатида қатнашганман, — дейди Зафар ака. — Айбловнинг «ҳаводан олингани», яъни жиноий ҳодиса аслида юз бермаганлиги, жиноят таркиби ва асосли далиллар йўқлиги бошидаёқ рўй-рост кўриниб турганди. Ҳимоячи ўлароқ мен буни судда ҳам бир неча марта таъкидладим, лекин суд кўр-кўрона айблов хулосасини кўчириб, ҳукм чиқарди-қўйди! Начора, замон шунақа эди-да.
* * *
... 2010 йилда Бухоро вилояти божхона бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан тергов органлари томонидан жиноят иши қўзғатилади ва бошлиқдан тортиб, бўлим бошлиқлари ва тезкор ходимлар ҳамда бошқа ходимлар — жами 21 нафар мансабдор шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддаси (пора олиш)нинг 3-қисми «а», «б», «в» бандлари билан (эски таҳририга қаранг — муаллиф) жавобгарликка тортилади.
Адвокатнинг айтишича, бухоролик божхоначилар гўёки 2009 йилнинг май-декабрь ойларида Олот божхона пости орқали ўтган 21 605 та хориж юк автомашиналари ҳайдовчиларидан пора олганликда айбланади. Аммо хорижлик ҳайдовчилардан ҳеч бири, лоақал расмиятчилик учун бўлса-да, сўроқ қилинмайди. Кўрсатилган даврда Олот божхона постидан ким қандай истеъмол ёки ноистеъмол товар-моддий бойликларини Ўзбекистонга олиб киргани ва улар кимга қанча пора бергани аниқланмайди.
Хўш, у ҳолда жиноят иши нимага асосланган. Ахир воқеа «ҳатто симёғочни қаматиш мумкин бўлган» замонларда юз берган бўлса ҳам, ҳарқалай, айбловни оз-моз хаспўшлаш керак бўлган-ку?
— Ҳа, дарҳақиқат, жиноят иши бўйича ашёвий далил (пора предмети — пул, буюм, қимматбаҳо нарсалар ва ҳоказо) умуман йўқ эди, пора берган юк машиналари ҳайдовчилари ҳам. На суд, на тергов органи ҳайдовчилардан биронтасини топиб сўроқ қилмаган. Жиноят объекти бўлмаган тақдирда эса шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Нима қилиш керак?
Афсуски, «қасдни қонунга тўғрилаш» учун у пайтларда иккиламчи далиллар ҳам кифоя қилиши мумкин эди баъзан. Мазкур жиноят ишида айбланувчиларнинг бир-бирига нисбатан берган тушунтириш ва кўрсатувлари (бу кўрсатувлар, ким билсин, қандай йўллар билан олинган) етарли бўлди. Яқин ўтмишимизнинг қайғули воқелиги шунақа эди... – дейди адвокат.
Воқелик ҳамиша бир хил бўлмайди. Замонлар ўзгаради. 2016 йил охирида жамиятимиз янги даврга қадам қўйди, барча соҳалар қаторида суд-ҳуқуқ тизимини ҳам ислоҳ қилишга киришилди. Ва, бу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ илгари ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилганларнинг ишлари қайта кўрилиб, адолат қарор топа бошлади.
Бундай ўзгаришларни ҳис қилган Зафар Таиров 2016 йилда пахтасаноат тизимида ишлаган ва ўзи ҳимоя қилган Ҳ.Азимов билан гаплашиб, ўша таги пуч айбловга таянган ҳукмни бекор қилдириш ва ҳақиқатни юзага чиқариш учун имконият пайдо бўлганини айтди ва уни бунга ишонтирди, ўз навбатида, Азимов ҳам мазкур иш бўйича судланган ва қамалиб чиққан бошқа собиқ ҳамкасбларини ишонтирди. Шу тариқа 36 киши Зафар ака билан шартнома имзолади ва адвокат уларнинг номидан суд қарорларини бекор қилиш масаласида дастлаб Олий судга назорат тартибида шикоятлар бериб, асоссиз ва ноқонуний бўлган суд қарорларининг бекор қилиниши ҳамда ишларнинг қайта кўриб чиқилишига эришди. Ишлар Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг апелляция ва кассация инстанцияларида қайтадан ҳар томонлама холисона кўриб чиқилди. Натижада суд 2020 йилнинг 7 август куни ҳукмни бекор қилиш ва оқлов ажримлари чиқариш тўғрисида хулосага келди.
— Мен ўзимни адвокат сифатида фавқулодда иш кўрсатдим деб ҳисобламайман, — дейди Зафар ака. — Йўқни йўндирмадим. Шунчаки, сув бетига қалққан олмадек яққол кўриниб турган далилларни яна қайтадан бирма-бир келтирдим, айбловнинг таги пучлигини, тергов ва суднинг бор-йўқ «ишонгани» — назорат-тафтиш бошқармаси хулосаси ҳамда айбланувчиларнинг тушунтириш ва кўрсатувларига асосланган ҳолда тузилган далолатномалар аслида Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 184-моддаси талабларига хилофлигини исботлаб бердим. Шу холос. Судья инобатга олди.
* * *
Ўрни келганда, адвокат Зафар Таиров ҳақида. У 33 йиллик ҳуқуқшунос. Адлия, суд, прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Адвокатлик билан эса 2011 йилдан бери шуғулланади.
— Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг суд тизимига, давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни ниҳоятда хурсандчилик ва некбинлик билан қарши олдим, — дейди адвокат. — Ноҳақ судланган, озодликдан маҳрум қилинган юзлаб, минглаб жабрдийдаларнинг оқланиб, ёруғ юз билан оиласи бағрига қайтарилиши аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар натижасидир. Агар мамлакат раҳбари мутлақо айбсиз бўлган қанчадан-қанча фуқароларнинг яқин ўтмишимизда турли хил найранг ва фитналар оқибатида жабр кўрганлигини рўй-рост фош қилмаганида эди балки, биз адвокатларнинг меҳнатимиз бунчалик натижа бермас, суд мажлисларидаги гапларимиз ҳамон судларнинг эътиборидан четда қолиб кетаверган бўлармиди?..
Аммо шукрки, шахсан ўз мисолимда айтадиган бўлсам ҳам, сўнгги икки йил давомида илгари ноқонуний жавобгарликка тортилган 100 нафар шахсни ҳимоя қилдим ва уларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилишига эришдим!
Бироқ шуни таъкидлашим керакки, оқлов ҳукмлари асосан Олий суд судлов ҳайъати ва раёсатида, шунингдек, вилоят судларининг апелляция ва кассация инстанцияларида чиқарилмоқда. Биринчи босқич судлари эса ҳануз ўтмишда «яшаяпти», жиноят ишларини кўриш чоғида адвокатларнинг муҳим далилларини эътиборга олмаяпти, ҳукмлари юқори босқичларда бекор қилиниб, янгидан кўриш учун қайтарилган ҳоллардагина оқлашга журъат қилишмоқда. Бу ачинарли ҳолат...
Адвокатнинг сўзларига кўра, биринчи босқич судида айрим ишлар юзасидан қонунсиз, асоссиз ва адолатсиз қарорлар қабул қилиниши фуқароларнинг ва адвокатларнинг ҳақли норозилигини келтириб чиқармоқда. Қолаверса, мазкур ҳолатлар шикоятларнинг кўпайишига ва юқори инстанция судларида иш юкламаси ортишига ҳам олиб келаётир.
— Биринчи босқич судлари судьялари ўзларини тамомила мустақил ҳис қилишлари учун зарур чораларни кўриш лозим. Уларнинг қарорлар қабул қилишдаги масъулиятини оширишга хизмат қиладиган қўшимча цензлар белгилаш ҳам ўринли бўлур эди.
Судларнинг ҳақиқатан ҳам мустақиллигини таъминлаш борасида яна бир муҳим масала бор — судларнинг иш юритувига келган ишларга доир ташкилий тарафлар, жумладан, иш кўриладиган кунга тарафларни (иш бўйича судланувчи, жабрланувчи, гувоҳни, даъвогар ва жавобгарни) чақириш тўлиқ равишда судга юклатилганлигини нотўғри, деб ҳисоблайман. Чунки бизнинг процессуал қонунларимиз эски совет тоталитар давридан қолиб келган қонунларга (судларга гўёки жазоловчи орган тариқасида қаралган) асосланган ҳолда қабул қилиниб келинган, аслида эса тарафлар ўз позицияларини исботлаши учун далилларини ва гувоҳларини судга ўзлари олиб келишлари керак. Шунда тарафларнинг, айниқса, судда давлат айбловини қўллаб-қувватловчи прокурор ва ҳимоячи - адвокатларнинг ҳам масъулияти ошар эди.
Чунки тарихимизга назар соладиган бўлсак, низоларни ҳал қилувчи қозихоналарга даъвогар ва жавобгарлар келиб мурожаат қилиб, ўзларининг гувоҳларини ҳам сўроқ қилишни сўраб, адолатли қарор чиқаришни илтимос қилишган. Ғайриқонуний ҳаракатлар ёки жиноят қилган шахсларни эса қозининг олдига миршаблар олиб келиб, унинг айбини ўзларига маълум бўлган далиллари ва гувоҳлари билан исботлаб беришган.
Ҳозирги тараққиёт даврида ҳам аксарият ривожланган давлатларда тарафлар суд олдида шу зайлда ўзларининг позицияларини ҳимоя қилиб келмоқда. Аммо бизнинг қонунларимизга асосланган амалиётда судлар иш юритувига келган ишларни кўришни тайинлаб, иш бўйича сўраладиганларни суд чақирув қоғози орқали чақириб олишади. Улар судга келмаган тақдирда эса уларни мажбурий тартибда судга олиб келиш учун ажрим чиқариб, ажрим ижросини ИИБ ходимларига бериб, келмаган шахсни суднинг трибунасигача мажбурлаб олиб келиб сўроққа тутади. Бу эса суднинг мустақиллигига ўз таъсирини ўтказади. Чунки бу ҳолатда сўроқ қилинадиган шахснинг назарида суд бир тарафга ўтиб кетгандай кўринади ва унинг судда бор ҳақиқатни айтишига ҳам шубҳа пайдо бўлади.
Шу сабабли судья ўз юритувида бўлган ишнинг суд муҳокамасида кўрилиш вақти ва кунини тайинлаб, тарафларга хабар бериши, тарафлар эса ўз позицияларини исботлаш учун суд муҳокамасига далил ва гувоҳларни ўзлари олиб келишлари мақсадга мувофиқ. Бундай ҳолатда судья бетараф бўлиб, барча ҳолатни юқорида туриб эшитиб, шу асосда ўз қарорини эълон қилса, унинг қарори қонуний, асосли ва адолатли бўлишига имкон яратилади.
Республикамизда суд органининг нуфуз ва салоҳияти шу даражада бўлиши керакки, улар томонидан чиқарилган қарор шубҳа ва гумонлардан холи бўлсин.
— Шу маънода, Адвокатура институтини такомиллаштириш концепциясида таклиф қилинганидек, судьяларнинг ҳар томонлама етук ва билимли бўлишлари учун қуйи инстанция суди судьялигига номзодлар учун «камида икки йил адвокатлик фаолияти билан шуғулланганлик» талабини қўйиш ўринли бўлади, деб ҳисоблайман, — дейди Зафар ака.
“Адвокат” журналининг 2020 йил 3-сонидан олинди.