Кексаларни эъзозлаш – инсоний бурчимиз

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, бугундан Самарқанд вилоятида ҳам “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” бошланди.

Жумладан, Самарқанд шаҳар нуронийлари соғлом турмуш тарзини тарғиб этган ҳолда ёшларга ибрат бўлиб, эрта тонгда боғ ва хиёбонларга бадантарбия машғулотларига чиқишди.

Шундан сўнг, шаҳар “Нуронийлар маскани”да кекса авлод вакиллари ёшларнинг учрашуви ўтказилди.

Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосари С.Усмонов мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди. Мазкур ҳафталик доирасида нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш бўйича амалга ошириладиган ишларга тўхталди.

– Хонадонларимиз файзи ва барчамизнинг ҳаётимизда катта ўрин тутувчи кексаларга ҳурмат кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш, шунингдек, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган ушбу ҳафталик вилоятимизда юксак савияда ўтиши шубҳасиз, - деди С.Усмонов.

Каттақўрғон туманида ҳам ҳафталик тадбирлари “Нуронийлар маскани”даги учрашув ва “Кексалик – ҳаётнинг ажиб фасли” номли кўргазма билан бошланди.

Тадбирда туман ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган нуроний отахону онахонлар, маҳалла фаоллари, туман ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Ҳафталик давомида вилоятда истиқомат қилаётган 1114 нафар кўмакка муҳтож кексалар, 194 нафар ногиронлиги бўлган аёллар, 18 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 986 нафар урушорти фахрийлари, 53 нафар 100 ёшдан ошганлар, шунингдек, “Саховат” ва “Мурувват” уйларидаги кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга реаблитация воситалари ва совғалар топшириш кўзда тутилган.