Кексасини улуғлаган элнинг келажаги бор

Кекса фуқаролар жамиятнинг нуфузла қатлами саналади. Шу боисдан уларга бўлган иззат-ҳурмат ва эҳтиром ҳамиша устувор қадриятлардан бири бўлиб келган. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда бошланган кексаларни эъзозлаш ҳафталигида халқимизга хос бўлган бу анъана янада яққол намоён бўлаётир.
Бугун мазкур ҳафталик доирасида Қўшработ туманидаги 26- умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ва Н-қисм ҳарбий хизматчилари билан Бойтўп, Юқори Сарой, Қувкалла, Майинтепа, Заркент ва Булоқ маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган нуронийларнинг ёш авлод вакиллари учрашувлари бўлиб ўтди. Катта ҳаётий йўлни босиб ўтган, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга фидокорона меҳнатлари билан бебаҳо ҳисса қўшган кекса авлод вакиллари ўзларининг ибратли ҳаёт лавҳаларидан сўзлаб, тадбир иштирокчиларини ватанни севишга, иймон-эътиқодли бўлишга, илмларни пухта ва чуқур эгаллаб, комил инсонлар бўлиб етишишга ундашди.
Айниқса, ҳарбий қисмда бўлиб ўтган “Касбим - фахрим” мавзусидаги тадбирда “Фидокорона хизматлари учун” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби Муҳиддин Чорқулов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Норбобо Шакаров, ҳуқуқшунос Иброҳим Ўсаровларнинг чиқишларини ёшлар зўр иштиёқ билан тинглади ва уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан баҳраманд бўлиб, ўзлари учун қимматли сабоқ олди.
Бобо Сароий.