Келгуси йилдан Самарқандда шахмат бўйича халқаро турнирлар ўтказилади
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 5 августдаги “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили тизимли равишда республиканинг барча ҳудудларида шахмат бўйича турнирлар ташкил этилади.
Хусусан, вилоятимизда ҳам ёшлар ўртасида “Рокировка” турнири, кекса авлод вакиллари ўртасида “Нуронийлар кубоги”, ногиронлиги бўлган шахматчилар ўртасида “Чексиз имкон турнири”, 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган 50 минг доллар миқдорида мукофот фондига эга “Women’s Chess Championship” халқаро турнири ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар шахматчилари ўртасида анъанавий “Uzbekistan Chess Open” халқаро турнирлари ўказилади.
Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жамоат жойлари ва истироҳат боғларида креатив кўргазмали услублардан фойдаланган ҳолда шахмат майдончалари ташкил этилади.
Ҳозирги кунда вилоятда 2500 нафар спортчи шахмат билан шуғулланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида шахматчиларимиз томонидан республика мусобақаларида 7 та олтин, 6 та кумуш, 6 та бронза, халқаро спорт мусобақаларида 4 та олтин жами 23 та медаль қўлга киритилган.
Аҳрор Шамсиев,
вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи.