“Келин кундалиги” индонезияликларни Ўзбекистонга қизиқтирадими?

Самарқандда Ўзбекистон-Индонезия туризм форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг йирик туризм соҳаси вакиллари, тур-операторлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, мамлакатимиз, хусусан Самарқандда кейинги йилларда туризм соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Айниқса, индонезиялик сайёҳлар учун вилоятда зиёрат туризми борасида кейинги йилларда катта ўзгаришларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Индонезиянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Синтия Криштиану Сайеҳ хоним ўтган қисқа вақт мобайнида икки мамлакат орасидаги сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошганини қайд этди.
- Хусусан, Индонезия марказий статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда юртимизга Ўзбекистондан келган сайёҳлар сони 8130 нафарни ташкил қилмоқда, - деди Синтия Криштиану Сайеҳ хоним. - Бу кўрсаткич 2023 йилга қараганда 53 фоизга ортган. Айтиш жоизки, 2022 йилда сайёҳлар сони бор-йўғи 559 нафар кишини ташкил этган. Ушбу рақамлар Ўзбекистонда ҳам сезиларли ошган, деб айта оламан. Буларнинг барчаси икки давлат орасида ўзаро ҳамкорлик кучайгани, томонларнинг маданий ҳаёти, қадриятларига қизиқиш ортгани билан боғлиқ.
Форум давомида бир қатор компаниялар билан бир қаторда Индонезиянинг йирик медиакомпанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида қизиқиш билдирди. Хусусан, "Khatamedia" компанияси Индонезияда Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш бўйича фаол иш олиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, Tobali Films компанияси Ўзбекистонда суратга олинадиган янги фильм устида иш бошлашни режалаштиргани очиқланди. Мамлакатнинг машҳур ёзувчиси Asma Nadia қаламига мансуб “Catatan Hati Pengantin” (“Келин кундалиги”) романи асосида суратга олинадиган ушбу фильм Ўзбекистоннинг бетакрор гўзаллиги ва бой маданий меросини бутун дунёга таништиришга хизмат қилади.
Форум доирасида В2В учрашувлари ҳам ташкил этилиб, унда маҳаллий ва хорижий туризм соҳаси вакиллари ўзаро ҳамкорлик имкониятларини муҳокама этдилар. Хусусан, Самарқанд ва Жакарта шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, қўшма туристик маҳсулотлар яратиш, зиёрат туризмни ривожлантириш каби масалалар муҳокама этилди.