Келин қайнотасининг уйига суд қарори билан киритиладиган бўлди
Мастура (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 2016 йилда Самарқанд тумани Рустам қишлоғига келин бўлиб тушгач, турмуш ўртоғи билан қайнотаси - Шоқосим Мелиевга тегишли уйда яшаган.
2017 йилда фарзандли бўлган Мастура турмуш ўртоғи Россияга кетгандан сўнг ота-онасининг уйида яшай бошлайди. Бунга фарзандининг саломатлигида муаммо борлиги ҳам сабаб бўлган.
2019 йил февраль ойида турмуш ўртоғи Россиядан қайтганидан кейин Мастура Рустам қишлоғига қайтганида қайнонаси ва қайнотаси уни уйга киритмаган.
Маҳалла фаолларининг аралашуви ҳам ҳеч қандай наф бермаган. Савол туғилади, Мастура энди қаерга борсин? Ахир у турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашмаганку?!
Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг жорий йил 25 июндаги ҳал қилув қарорида Мастурани фарзанди билан Самарқанд тумани Рустам қишлоғидаги келин бўлиб тушган уй-жойга киритилиши белгиланган.
Табиийки, қайнотаси – Ш.Мелиев суднинг бу қароридан норози бўлиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган.
Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1-бандига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланиши мумкинлиги ҳамда улар мулкдор берган турар-жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритиши, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлиши мумкинлиги, бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Биринчи инстанция суди гарчи даъвогар 2017 йил март ойидан буён низоли уйда яшамаса-да, келин бўлиб тушган уйда яшаш ҳуқуқи борлиги, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳда эканлиги ва бошқа уй-жойи мавжуд эмаслигини инобатга олиб, Мастурани фарзанди билан қайнотаси номидаги уй-жойга киритиб, қонуний ва асосли тўхтамга келган.
Фуқаролик ишлари буйича вилоят суди кассация инстанциясининг ажримига кўра, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Ҳ.АКОБИРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилояти суди катта мутахассиси.