Кейинги 5 йилда ўқитувчининг мавқеи ҳам, маоши ҳам ортди: қўшимча устама ва бошқа тўловларсиз ўртача 3 миллион сўм оляпти
Бундан 5-10 йил олдин жамиятда энг кўп қайси касб эгалари таҳқирланган, деса ҳеч шубҳасиз, улар ўқитувчилар — зиёли аҳли дейишарди. Бу фикр бир қарашда жуда бўрттирилгандек туюлиши мумкин, бироқ афсуски, бу ҳақиқат эди.
Негаки, қадр-қиммати азалдан ота-онага тенглаштирилган, балки ундан ортиқ саналган, барчамизнинг саводимизни пешлаб, ақл-ҳушимизни танитган зиёли аҳлини, устозни кўча супуриб, одамларнинг остонасигача тозалашга мажбур қилинганидан ортиқ таҳқир бормикан?!
Йиллар давомида илм олиб, мақсадию матлаби зиё тарқатиш бўлган муаллимни мактабдан кенг далага, ғалла ва пахтага “ҳашар”га чиқаришдан ҳам ортиқ таҳқир борми?!
Мана шундай аччиқ ҳақиқатлар мужассам бўлган яқин ўтмишни ёдга олиб, кечаги ва бугунги ўқитувчининг қадр-қимматини қиёслаб, бу кунларни ҳатто хаёлимизга ҳам сиғдириш мушкул эди. Чунки ўқитувчи бир умр пахта даласида қолиб кетадигандек эди. Кўчани, одамларнинг остонасини ҳар доим ўқитувчи бориб тозалаши керакдек эди.
Президентимизнинг сиёсий иродаси, адолатли ислоҳотлари, халқ таълими соҳасига кўрсатаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлиги соҳанинг ривожига, шу билан бирга, ўқитувчининг жамиятда, мамлакатда қадр-қиммати, обрў-эътиборининг мустаҳкамланиб боришига хизмат қилмоқда.
Ўқитувчи нафақат қишлоқ хўжалиги ташвишларидан, балки меҳнат фаолиятидаги турли бюрократик тазйиқлар, қоғозбозликлардан халос этилди. Ўқитувчи доимий юритиб бориши учун иш кунининг асосий қисмини сарфлайдиган 7 та ҳужжат қисқартирилиб, 1 та синф журналини тўлдиришгина қолдирилди.
Ойлик маошларнинг камлиги туфайли оиласи ва рўзғори ташвишини ўйлаб, қанча-қанча илмли, малака ва тажрибали ўқитувчиларимиз ўз касбидан воз кечиб кетишга мажбур бўлгани ҳам ҳақиқат. Сўнгги уч-тўрт йил оралиғида ўқитувчиларимизни моддий ва маънавий рағбатлантириш устувор аҳамият касб этаётгани уларни яна шарафли касбига қайтарди.
Педагогларимизнинг ойлик маоши 2016-2021 йиллар оралиғида қарийб уч баробарга ошди. Яъни, 2016 йилда мактабнинг олий тоифали юқори синф ўқитувчисининг ойлик маоши 1 миллион 87 минг сўмни ташкил қилган бўлса, бугун олий тоифали ўқитувчининг ойлик маошининг ўзи, қўшимча устама ва бошқа тўловларсиз қарийб 3 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Ўқитувчининг оиласидан, рўзғоридан кўнгли хотиржам бўлиб, фаолиятига ижодкорона ёндашишига, изланишига имкон яратилди.
Ўтган ўттиз йил оралиғида юртимиз аҳолиси бир неча баробар ошганига қарамасдан сўнгги 20-25 йилда Самарқандда бирорта ҳам янги мактаб қурилмагани қамровнинг йилдан-йилга ортиб кетишига олиб келган. Битта синфхонадаги ўқувчиларнинг сони 40-45 нафаргача етгани таълим сифатига салбий таъсир ўтказмасдан қолмади. Кейинги йилларда давлат бюджетидан мактабларимизнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кенг кўламли бунёдкорлик ишларини олиб бориш бўйича эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йилда вилоят бўйича 53 та умумтаълим мактабида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Эътиборга молик жиҳати, Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида ўқувчи ўрнининг кўплиги бўйича вилоятда ягона бўлган 1680 ўринли замонавий мактаб барпо этилди. Ушбу ҳудудда аҳоли сонининг кўпайиб бориши инобатга олиниб, келгусида яна шундай мактаблар қуриш кўзда тутилган.
2021 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Бугунги кунда Инвестиция, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари ҳамда Президентимизнинг Самарқандга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида вилоятимизда 97 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2 та янги мактаб қурилмоқда.
Халқ таълими соҳасини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланган бугунги кунда унинг сифати ва мазмунига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактаблар сони ҳам йил сайин ортиб боряпти. 2018/2019 ўқув йилида вилоятимизда ихтисослашган мактаблар сони 18 тани, 2019/2020 ўқув йилида 24 тани ташкил қилган. Жорий йилга келиб уларнинг сони 60 тага етди. Бу, ўз навбатида, мактабларда математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари, биология ва кимё ҳамда хорижий тилларни пухта ўқитишни ташкил этишга доир қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ижроси изчил таъминланаётганидан далолатдир.
Халқ таълими соҳасидаги яна бир муҳим ислоҳотлардан бири иқтидорли, билими ва одоб-ахлоқи билан тенгдошларига намуна бўлган мактаб битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар берилишининг жорий этилганлиги бўлди.
Ўғил-қизларимизнинг орзу-умидларига қанот бағишловчи бундай ташаббус ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириб, интеллектуал салоҳиятли кадрлар тайёрлаш тизимида муҳим қадамлардан бири бўлди. Буни Самарқанд вилояти мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан битираётган ўқувчилар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Яъни, 2018/2019 ўқув йилида 141 нафар, 2019/2020 ўқув йилида 415 нафар битирувчимиз олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган бўлса, 2020/2021 ўқув йилида уларнинг сони 645 нафарга (571 дона олтин, 74 дона кумуш) етди.
Хорижий ва республикамиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиш бўйича ташкил қилинаётган танловлар натижасида мактаб битирувчиларимиз орасида муддатидан олдин талаба бўлганлар сони ҳам ортаётгани қувонарли. 2019/2020 ўқув йилида бу кўрсаткич 23 нафарни ташкил қилган бўлса, жорий ўқув йилида 148 нафар битирувчимиз мамлакатимиз ҳамда жаҳоннинг энг нуфузли университетлари талабаси бўлди.
Ислоҳотларнинг маҳсули — соҳадаги эришилаётган юксак натижалар ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Аммо бу тизимнинг муаммолардан холи бўлди, дегани эмас. Халқ таълими соҳасини янада ривожлантиришда нафақат ўқитувчининг ва таълим ташкилотларининг зиммасида бўлган, балки бутун халқ, жамият зиммасида бўлган вазифаларимиз жуда кўп. Тизимда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ота-оналар ҳамда зиёлиларимизнинг масъулиятини, дахлдорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бирдамликда, ҳамфикрликда ҳал этишга камарбаста бўлишимиз лозим. Зеро, таълимнинг равнақ топиши бахтли келажагимиз, она Ватанимиз тараққиётининг кафолатидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади.
Зебинисо Шодиева,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи