Кибермаданиятни  юксалтиришга ҳисса қўшганлар тақдирланди

Июль ойида республикамиз миқёсида “Кибермаданиятни  юксалтириш ойлиги” доирасида турли тарғибот тадбирлари, видеороликлар танлови ташкил этилди.

Бугун Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоятимизда ўтказилган ойлик доирасидаги танловларнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тиббиёт ва банк ходимлари, ''маҳалла еттилиги'', журналист ва блогерлар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этган танловларда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ тарғиботчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Ойлик доирасида ўтказилган тарғибот танловида кибержиноятчиликка қарши курашишга бағишланган мавзуда тайёрланган видеоролигим билан қатнашдим, -дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази физеотерапия бўлими мудири Мафтуна Ибрагимова. – Қўл телефонимга келган, агар пластик карта маълумотларимни юборсам катта миқдоорда пул ютуғига эга бўлишим мумкинлиги тўғрисидаги ёлғон хабар роликни тайёрлашимга туртки бўлди. Таваккал қилиб шу роликни танловга тақдим қилдим ва ғолиблар сафидан жой олдим.

Ойлик якунига бағишланган ушбу маросимда ўтган бир ой давомида тарғибот тадбирларини ўтказишда ва уларни ёритишда фаоллик кўрсатган масъулларга ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар топширилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.