Кичик бизнесни молиялаштиришнинг янги тизими жорий этилади
Ургут туманида давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида семинар ўтказилди.
Бизнес-омбудсман девони, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда бандлик ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси вакиллари ҳоким ёрдамчилари, тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга қарорда белгиланган янги тартиб ва қоидалар, оилавий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес учун яратилаётган молиявий имкониятлар ҳақида маълумот берди.
– Қарорда назарда тутилган асосий вазифалардан бири 2024 йилда 2 миллион аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тизимни жорий этиш, – дейди Бизнес-омбудсман девони ходими Нодир Намозов. – Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўқитиш орқали уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бунда “оилавий тадбиркор — микробизнес — кичик бизнес — ўрта бизнес” занжири асосида уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун зарур шарт-шароит яратиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Яқинда трансформацияга учраган қуйидаги ташкилотларда 2024–2026 йиллар учун кейинги мақсадли кўрсаткичлар белгиланмоқда. Яъни, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБга кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 бараварга ошириш орқали кредит портфелидаги улушини 28 фоиздан 43 фоизга етказиш, кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан 800 миллион АҚШ долларигача миқдорда ресурслар жалб қилиш, 300 миллион АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш, 150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш вазифаси топширилган.
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамиятига эса кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган молиявий хизматлар ҳажмини 8 триллион сўмдан 14 триллион сўмга етказиш, 150 та ўрта бизнес корхонасига улуш киритиш ва хизматлар ипотекаси асосида 300 та лойиҳани тадбиркорлик субъектларига сотиш, ўрта тадбиркорлик субъектлари сонини 2,5 бараварга ошириш, 300 миллион АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш вазифаси қўйилди.
Қарор ижроси юзасидан Бизнес-омбудсман девони томонидан Савдо-саноат палатаси ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ҳар ҳафта маҳаллаларга чиққан ҳолда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида давлат дастурларида кичик ва ўрта бизнес учун белгиланган молиявий имкониятлар тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖларда намунавий қўлланмалар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун ўқув семинарлари ўтказилади.