Самарқандда "Ким эпчил, ким чаққон" спорт мусобақаси ташкил этилди
Спорт-нафақат инсон саломатлигини мустаҳкамлайдиган шунингдек мамлакатни дунёга тезда танитадиган муҳим восита ҳамдир. Шу боис Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб масаласи устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди.
Ўзбекистон “Миллик тикланиш” демократик партияси ҳам Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижросини таъминлашда фаол иштирок этмоқда. Хусусан партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамкорлигида шаҳардаги 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернатида ташаббуснинг иккинчи йўналиши ижросига қаратилган “Ким эпчил, ким чаққон?” шиори остидаги спорт мусобақасини ташкил этди.
Унинг очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Зебинисо Шодиева мактаб интернати тарбияланувчиларини 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами билан қизғин табриклаб, давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг моҳияти ва унинг ёшларни комил инсонлар қилиб тарбиялашдаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг ўқувчилар 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда спортнинг шахмат-шашка, футбол, тош кўтариш, турникка тортилиш турлари бўйича баҳсларга киришишди ва “Қувноқ стартлар” мусобақасида ўзаро беллашдилар. Қизғин баҳс ва муросасиз курашлар остида ўтган мусобақа мактаб интернати тарбияланувчиларининг спортга бўлган қизиқишини янада ошириб, уларнинг ғалабага бўлган иштиёқини мустаҳкамлади. Ҳамма болалар мусобақада ғолиб бўлиш учун астойдил харакат қилишди.
Мусобақа якунида барча спорт турлари бўйича ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга ҳамда “Қувноқ стартлар” мусобақасида пешқадамликни қўлга киритган жамоага Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашининг ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилоят бошқармасининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ёш авлод таълим-тарбиясида жонбозлик кўрсатиб келаётган мактаб интернатининг бир гуруҳ ўқитувчилари ташкилотчиларнинг ташаккурномалари билан тақдирландилар.
ЎзМТДП Самарқанд вилоят
кенгаши Матбуот хизмати.