Ким учун яшаймиз?
Инсон фоний дунёга яшаш учун келади. Яратган берган омонат жонни олгандан то эгасига қайтаргунча бўлган муддат ҳаёт дейилади. Буни тақдир битиги ҳам деймиз. Албатта, биров яшаш учун ейди, биров ейиш учун яшайди. Бу гап ҳам кўпчиликка маълум.
Глобаллашув жараёнининг чуқурлашуви ва пандемия инсоният ҳаётини жуда чигаллаштириб юборгани бор гап. Шу ҳолатда ҳам мустақиллик шароитида яшаш тарзини қийинчилик билан ўзлаштираётгандик.
Шу сабабли бўлса керак, назаримда айримлар бир амаллаб тирик қолиш, айримлар эса ҳаёт неъматларидан бошқалардан кўпроқ олиб қолиш илинжида яшаётганга ўхшаб кўриняпти. Аслида ҳаётдаги асосий кураш ана шу икки тоифа инсонлар ўртасида бормоқда.
Яъни, кимдир ёлғиз фарзанд камоли йўлида елиб югурса, кимдир нобакор фарзанди учун ўлимга ҳам рози бўлиб кун кўради. Биров мискин кўнглини олиш билан, яна биров эса “қўли узун” одамдан фойдаланишни ўйлайди. Фидойилар жамиятга наф келтиришни ўйласа, товламачи дуч келганини алдаш билан овора. Натижада яхшиларга дуч келганда янада яшагинг, ёлғончиларга бақамти бўлиб қолсанг, бу дунёдан кетгинг келади. Дарду ҳасрат чоғида “ўзинг учун ҳам яша” деб бир-биримизнинг кўнглимизни кўтариб қўямиз.
- Буларнинг барчаси тақвони унутганимиздан, - дейди Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин ҳожи Эшонқулов. – “Тақво” сўзи арабча бўлиб, сақланмоқ, эҳтиёт бўлмоқ маъносини англатади. Яъни, тақво қилиш деганда, инсон Аллоҳнинг жазосидан қўрққан нарсасида гуноҳдан сақланиши тушунилади. Исломда инсоният олийжаноб ахлоққа ундалади. Негаки, жисмоний ва маънавий пок киши ахлоқсизлик йўлига кирмайди.
Ваҳоланки, тақвони унутгани учун ҳатто ногирон отаси ёки онасини парвариш қилиб, эзгу ишни бажараётган киши ҳам бу йўлда билиб-билмай гуноҳга йўл қўймоқда: ё хизматини бошқаларга миннат қилади ёки шуҳрат талаб этади. Бировнинг ҳожатини чиқариш йўлида манфаат кўришга интилганлар бор.
Фақат ўзи учун яшаш мумкин эмас, чунки инсон оила, жамият ичида юради. “Фарзандлар учун яшадим” деб кўнглимизга таскин берсак-да, агар ҳаром луқма орқасидан улар камолига имкон яратган бўлсангиз - бекор.
Ҳаёт сабоқлари шуни кўрсатяптики, инсон ўз олдига ким ва нима учун яшашни мақсад қилиб қўймасин, агар тақводор бўлмаса, бу мақсадига эриша олмайди. Тақво ҳар қадамда бизни гуноҳдан, ножўя сўз ва ҳаракатлардан асрайди. Буни эса Худонинг талаблари асосида яшаш деб қўя қолайлик.
Барчамизга тақводорлик насиб этсин...
Фармон Тошев.