Киприк ўстириш мосламаси учун 52 минг АҚШ доллари берган аёл алданди

3 июль куни Яккасарой тумани ИИО ФМБга Тошкент шаҳридаги гўзаллик салонларидан бирининг ишчиси, 29 ёшли Умида М.дан ариза келиб тушди. У жорий йилнинг февраль ойида Жанубий Кореядан маникюр ва киприк ўстириш мосламаси олиб келиш мақсадида ундан 52 минг АҚШ доллари олган таниши, 28 ёшли Соҳиба Р.га нисбатан чора кўришни сўради. Умида ҳалигача мосламани ҳам, пулларни ҳам олмаган.

Маълум бўлишича, Соҳиба пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Шу куннинг ўзида шу каби ариза Яшнобод тумани ИИО ФМБга ҳам келиб тушган. Унда МЧЖлардан бирининг раҳбари, 43 ёшли Тоирбек У. бошқа МЧЖ раҳбари бўлган 64 ёшли Муҳиддин К. ва Ибодулла А.ларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Аризага кўра, мазкур шахслар Германиядан чиқиндиларни қайта ишлаш мосламасини олиб келиш баҳонасида аризачидан жорий йилнинг 3 февраль куни 15 000 АҚШ доллари олган.

Бироқ Муҳиддин ва Ибодулла ваъдаларида турмасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Ушбу факт асосида Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов олиб борилмоқда.

Маълум хизмат кўрсатиш тури бўйича хизмат вазифаларига кирмаган шахсларга, ҳаттоки, улар яхши таниган одамларингиз бўлган тақдирда ҳам пул беришга шошилманг. Ҳар бир келишувни нотариус орқали тасдиқлаган афзал, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабарида.