Китоб – билим ва маънавият манбаи

Китоб инсоннинг энг яқин дўсти, ақл ва билим манбаидир. У фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун халқимиз уни азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблайди.

Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда: “Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир”. Алишер Навоий ҳазратлари эса “Китоб — беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи” деб таъкидлаганлар.

Китоб ўқиш дунёқарашни кенгайтиради, ҳаётга муносабатни ўзгартиради ва маънавий иммунитетни оширади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мутолаа ҳақида шундай деганлар: “… ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди”.

Шу боис, китоб бизнинг дўстимиз, устозимиз ва бойлигимиздир. Уни ўқиш орқали биз маънавий ва интеллектуал ривожланамиз, ҳаётдан тўлиқроқ баҳраманд бўламиз. Китоб – билим ва маънавият манбаи бўлиб, инсон тафаккурини ўстиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, болалар ва ўсмирларнинг маънавий ривожланишида китобнинг ўрни беқиёсдир. Китоб ўқиш орқали улар дунёқарашини кенгайтиради, ахлоқий фазилатларни ўзлаштиради ва ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Болалар ёшлигидан китоб ўқишга қизиқиш уйғотса, уларнинг тафаккури янада ривожланади. Китоб ўқиш орқали болалар қуйидаги жиҳатларга эга бўладилар:

1. Тил ва нутқ ривожи: Китоб ўқиш болаларнинг луғат бойлигини оширади, фикрларини аниқ ва равон ифодалашга ёрдам беради.

2. Ижодий тафаккур: Эртаклар, ҳикоялар ва қизиқарли воқеалар орқали болалар ўз тасаввурларини кенгайтиради, янги ғояларни ўйлаб топиш қобилиятини шакллантиради.

3. Ахлоқий тарбия: Китоблардаги қаҳрамонлар орқали болалар яхшилик ва ёмонлик тушунчаларини англайди, ахлоқий қадриятларни ўзлаштиради.

4. Диққат ва сабр-тоқатни ошириш: Китоб ўқиш жараёнида бола бирор воқеани тугатиш учун сабр қилади ва диққатини жамлашни ўрганади.

Ўсмир ёшида китоб ўқиш инсоннинг келажакдаги шахсияти шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Бу ёшда болалар мустақил фикрлашни ўрганади ва ҳаётга тўғри қараш шаклланади. Китоб ўқишнинг ўсмирлар учун фойдалари қуйидагилардан иборат:

1. Дунёқарашни кенгайтириш: Илмий, тарихий ва бадиий китоблар орқали ўсмирлар турли маданиятлар ва ҳаёт тажрибалари билан танишади.

2. Ўқиш одатини шакллантириш: Ёшлигидан китоб ўқишга одатланган ўсмирлар етуклик даврида ҳам ўқишни давом эттиради.

3. Ижодий ва танқидий фикрлашни ривожлантириш: Китоблар инсонни мустақил таҳлил қилишга, фикр юритишга ва ўз нуқтайи назарига эга бўлишга ўргатади.

4. Эмоционал интеллект ва ҳиссий етуклик: Адабиёт инсон ҳиссиётларини чуқурроқ англашга ва ўз кечинмаларини бошқаришга ёрдам беради.

5. Ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш: Китоблар орқали инсонлар ҳаётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ўрганиб, ижтимоий муҳитда ўзини тўғри тутиш кўникмаларини ҳосил қилади.

Мутолаа болалар ва ўсмирларнинг шахсий ва интеллектуал ривожланишида муҳим омил бўлиб, уларнинг келажак ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Фарзандларнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш учун ота-оналар, ўқитувчилар ва жамият вакиллари биргаликда ҳаракат қилиши керак. Китоб ўқиш маданиятини тарғиб қилиш орқали биз келажак авлодни билимли, маданиятли ва маънавий етук шахс сифатида тарбиялаймиз.

Мадина АБДУҲАКИМОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.