Китоб туманидаги боғчада болаларга қуртлаган гўштдан таом тайёрланганми? Вилоят прокуратураси аниқлик киритди

Ш.Мирзаевнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида жойлаштирилган “Китоб туманидаги 10-мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга яроқсиз гўшт маҳсулотлари берилаётганлиги” ҳақидаги хабари мутахассислар иштирокида ўрганилди.

Хабарда илова қилинган фотолавҳада Китоб туманидаги 10-МТТ мудираси И.А. томонидан 2019 йил 4 февраль куни муассаса хўжалик мудири Л.Ғ. тарбияланувчиларнинг таомномаси учун сифатсиз бўлган жигар маҳсулотини олиб келганлиги ҳақида Китоб тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи номига ёзилган билдириш хати ва ушбу ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилганлиги қайд этилган.

Ўрганишда Китоб тумани санитария-эпидемология осойишталик маркази ходими Қ.Х. 2019 йил 4 февраль куни Китоб туманидаги 10-МТТ мудираси И.А.нинг оғзаки мурожаатига асосан муассасага борганлигини, тарбияланувчилар учун тайёрланган овқатни кўздан кечирганлигини, ҳеч қандай жигар маҳсулотини кўрмагани, ошпаз, ҳамшира, хўжалик мудири билан суҳбатлашганини, ўрганиш давомида истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотлари аниқланмаганини билдирган.

Шунингдек, муассаса ошпази З.М., тарбиячи З.Х. ва ёрдамчи тарбиячи Х.Ч.лар ўзларининг тушунтириш хатларида 2019 йил 4 февраль куни тушлик вақтида ўзларига овқат тайёрлаш учун жигар маҳсулоти олиб келишгани, уни ошхонада кўрган мудира И.А. ушбу ҳолатни фотосуратга тушириб, жигарни ўзи билан олиб кетгани, жигар олиб келинган вақтда тарбияланувчи болаларнинг овқати тайёр ҳолда бўлгани, И.А. томонидан ёзилган билдириш хати ва расмийлаштирилган далолатномадан хабарлари йўқлигини билдиришган.

Ижтимоий тармоқда берилган хабар вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда, Китоб туманидаги 10-МТТ мудираси И.А. ишга келмагани, яшаш манзилига хат жўнатилганда телефон орқали боғланиб, ўзининг бетоблигини билдирган.

Мазкур ҳолат бўйича Китоб тумани прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.

"Фуқаро Ш.Мирзаев “Facebook” фойдаланувчиси бўлиб, турли хил товламачиликлар билан шуғулланиб келган. Шу сабабли, “норасмий блогер” жумласи блогерлик мақомини обрўсизлантирган шахс сифатида қўлланилган", дейилган вилоят прокуратураси хабарида.