Кластер корхонаси 1 миллиард 250 миллион сўм қарзни ихтиёрий тўлади

Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими иш юритувида Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг қарздор "Kattakurgan cluster" масълуияти чекланган жамиятидан ундирувчи "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти фойдасига 1 214 211 431,2 минг сўм асосий қарз, 12 584 921,9 минг сўм пеня, 34 минг сўм почта харажатлари ҳамда 25 962,2 минг сўм давлат божи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган.

Ушбу ҳужжат бўйича шу куниёқ Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатилиб, қарздорга талабларни ихтиёрий бажариш учун 15 кунлик муддат белгиланган.

Ижро ҳаракатлари давомида юқоридаги қонуннинг 87-моддасига асосан “МИБ-портал” дастури орқали қарздорнинг номида расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга кўра, қарздорнинг эгалигида ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мулклари ва бошқа даромадлари ҳамда барча ҳисоб рақамларига банд солинган.

Натижада "Kattakurgan cluster" МЧЖ 4 кун ичида электр таъминоти корхонаси фойдасига жами 1 миллиард 252 миллион сўмдан зиёд қарз тўловларини амалга ошириб, МИБга тўлов ҳужжатларини тақдим этди.

Жасурбек Раҳмонов, МИБнинг Каттақўрғон тумани бўлими давлат ижрочиси.