Кўп китоб ўқиган Маҳлиё Ўроқова “Ёш китобхон” кўрик-танлови Самарқанд вилоят босқичи ғолиби

Оиламизда ҳам шундай муҳит шаклланган. Гоҳида бирон-бир асар устида оилавий баҳсга киришиб кетамиз. Албатта, китобга бўлган қизиқишимга устозим Нигора Ҳусанованинг ҳам хизмати катта. У киши менга керакли китобларни топиб бериб, ўқишга ундаган.

Бу Самарқанд шаҳрида 10-14 ёшлилар ўртасида ўтказилган “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибаси, Пахтачи туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маҳлиё Ўроқованинг гаплари.

“Буюк мутафаккир ва адиб”, “Бадиий асарлар билимдони” шартлари асосида ўтказилган танловда ўн олти нафар ёш китобхон билимларини синовдан ўтказди.

Кеча мазкур танловнинг вилоят босқичи 15-19 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтди. Унда ҳам шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Машҳура Камолова биринчи ўринга муносиб деб топилди ва танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Бугун  20-30 ёшлилар ўртасида ўтказилаётган танловнинг учинчи  босқичида ҳам ёшлар юқоридаги икки шарт бўйича куч синашмоқда. Малакали мутахассис ва ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб бориладиган шартларда яхши натижа кўрсатган иштирокчи танловнинг республика босқичида қатнашади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).