Кўчамиз қачон цемент-бетон билан қопланади?

11 март куни телеграм каналимизда ана шу сарлавҳа остида мурожаат эълон қилган эдик.
Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу масала бўйича жавоб хати йўллади.
"Жума шаҳри Самарқанд маҳалласи Форобий кўчаси "Халқаро молия институтлари иштирокида 2023-2024 йилларда Самарқанд вилоятида цемент-бетон йўлларни қуриш ишларининг манзилли рўйхати"га киритилганлиги, аммо белгиланган муддатда кўчанинг фақат кириш қисмининг тахминан 50-60 метри асфальт қилиниб, қолган қисми қолдирилгани ҳақидаги ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармасидан маълумот олдик, - дейилади жавоб хатида. - Унга кўра, Жума шаҳридаги 8 та маҳалладан ўтган 30 дан ортиқ кўча, жумладан, хабарда келтирилган Форобий ва Бахт кўчалари цемент-бетон йўллар қуриш ишларининг манзилли рўйхатига киритилган.
Аммо, мазкур рўйхатда келтирилган объектларда цемент-бетон йўлларни барпо этиш учун зарур маблағлар ажратилиши жараёни чўзилаётгани боис, бу борадаги ишлар ҳозирча бошланмасдан турибди. Тегишлилар томонидан зарур маблағлар ажратилиши биланоқ, бошқа йўллар қаторида мазкур кўчага ҳам цемент-бетон қопламасини ётқизиш ишлари амалга оширилади.
Хабарда келтирилган Форобий кўчасининг 50-60 метр қисми эса шу кўчада яшовчи фуқаронинг шахсий ташаббуси билан амалга оширилган бўлиб, фуқаро ўз хонадонига киравериш ҳудудини ўзи асфальтлаштирган".