Комиссия аъзоларига гувоҳномалар топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7–Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Йиғилишда округ ҳудудида сайловга тайёргарлик жараёнлари, сайлов комиссиялари аъзоларининг вазифалари ва айни пайтда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
7–Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Фармон Тошев Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида 18-19 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари учун ўтказилган ўқув семинарида қайд этилган масалалар ҳақида сўз юритди. Президентлик сайловига тааллуқли бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни сайловчиларга етказиш ҳамда сайлов ўтказиш тартиби ҳақидаги масалаларга эътибор қаратди.
Йиғилишда комиссия аъзоларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, округ сайлов комиссияси тегишли ҳудудда ушбу Кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади. Участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Сайлов участкаларининг жойлашган жойи ҳақида сайловчиларни хабардор қилади. Участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади. Номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлайди.
Шунингдек, депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради. Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади. Сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради.
Йиғилишда комиссиянинг иш режасига мувофиқ галдаги тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.