Кончилар билан бир кун: Зармитандаги олтин конида
Кейинги пайтда жамиятдаги очиқлик, оммавий ахборот воситаларининг қоғозда эмас, амалда эркин ишлаши учун яратилган шароит ҳамда ахборот олиш ва тарқатишда барча ташкилот, идораларнинг эшиклари очилгани, раҳбарларнинг интервью беришдан чўчимаётгани туфайли матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, пресс-турлар уюштириш анъанага кирди. Ҳатто, бир пайтлар маълумот олиш учун не-не эшикларга бош суқиш, расмий хатлар юбориш, норасмий рухсат сўраш керак бўлган корхоналар, идоралар ҳам бугун ўз фаолияти ҳақида очиқ-ойдин маълумот бермоқда. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ишламоқда.
Қўшработ тумани Заркент шаҳарчасига – “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Жанубий кон бошқармасига қарашли кон ва ишлаб чиқариш корхоналарига уюштирилган пресс-тур ана шу ўзгаришлар маҳсули бўлди.
Буни комбинат ва бошқарма масъуллари ҳам қайд этиб, биринчи марта Жанубий кон бошқармасига бундай кенг кўламда журналист ва блогерлар таклиф этилганини таъкидлади.
Самарқанд ва навоийлик оммавий ахборот воситалари вакилларига Навоий кон-металлургия комбинатининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди, бу ҳақдаги матубот хабарномаси тарқатилди (авваллари бунақа “пресс-релиз”лар бўлардими?).
Тошдан олтин ажратиб
Навоий кон-металлургия комбинатининг республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 13 фоиздан ортиқни ташкил этади, давлат бюджетига жами тушумларининг улуши эса 20 фоизга яқин. 2021 йилда комбинат жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида бешинчи ўринни эгаллаган. Комбинатнинг “999,9” софликдаги олтин қуймалари жаҳоннинг қимматбаҳо металлар биржаларида Ўзбекистон брендига айланди!
Кейинги йилларда комбинатда йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар доирасида 2021 йилда 7-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилди. 2-гидрометаллургия заводида йилига 12 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган “Б” корпуси ишга туширилди.
Олти минг нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган Жанубий кон бошқармаси комбинатнинг йирик бўлинмаларидан биридир.
– Заркентда бошқармамизнинг 4-гидрометаллургия заводи, “Зармитан” ва “Ғужумсой” конлари мавжуд, – дейди Жанубий кон бошқармаси бошлиғи Толлибой Йўлдошев. – “Зармитан” ерости конининг йиллик маъдан қазиб олиш қуввати 850 минг тоннани, “Ғужумсой”ники 800 минг тоннани ташкил этади. Ўрталик конда эса йилига 500 минг тонна маъдан қазиб оламиз. Конларда таркибида олтин бўлган кварц-сульфидли маъдан олинади. Бунда “Epirog”, “Sandvik”, “Paus”, “Miner” каби хориж компанияларининг энг замонавий техникалари – ерости ўзиюрар юклаш ва ташиш машиналари, шахта автоағдаргичлари, бурғулаш қурилмалари ва бошқа асбоб-ускуналардан кенг фойдаланамиз. 2021 йил август ойида “Зармитан” конининг “асосий” стволи майдонида қурилган шахта кўтариш қурилмаси биноси ва ствол копёри ишга туширилди. Натижада, “асосий” ствол горизонтларига ишчи-ходимлар, юкларни тушириш-кўтариш ва қазиб олинган маъданни юқорига ташиш учун қулайликлар яратилди. Шу давргача ишлатилиб келинган шахта кўтариш қурилмаси ер устки сатҳидан 300 метр чуқурликкача тушарди. Эндиликда 930 метр чуқурликкача тушиш ва ер қуйи сатҳларидаги захираларни юқорига – ер устки қисмига олиб чиқиш имконияти мавжуд.
“Ғужумсой” конида 2018 йилда чуқурлиги 500 метр, айланаси 6 метр бўлган янги шахта ишга туширилган. Бунинг натижасида конининг лойиҳа қуввати 750 минг тоннадан ошди. 2021 йилда конда майдалаш-саралаш технологик тизим ва кўчма тўлдириш қурилмаси фойдаланишга топширилган. Келгусида “Ғужумсой” конининг ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
2010 йил август ойида ишга туширилган 4-гидрометаллургия заводи мамлакатимизда мустақиллик йилларида комбинат томонидан барпо этилган иккинчи йирик саноат мажмуаси ҳисобланади. 2010-2021 йилларда заводнинг таркибида олтин бўлган маъданни қайта ишлаш унумдорлиги йилига 1,8 миллион тоннадан 2 миллион тоннагача оширилди, олтинни ажратиб олиш кўрсаткичи эса 92,2 фоизни ташкил этди. Ўтган вақт мобайнида корхонада “Зармитан” ва “Ғужумсой” конларидан қазиб олинган 20 миллион тоннадан ортиқ маъдан қайта ишланди.
Кончилар – ўзимизнинг қоракўзлар
Геологик тадқиқотларга кўра, Зармитан олтин конларининг захиралари заводнинг 2070 йилга қадар бир маромда ишлашига етади. Ҳозирги вақтда 500 нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият кўрсатаётган заводда энг замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.
Бугунги кунда завод ва конларни маҳаллий кадрлар бошқармоқда. 4200 дан ортиқ ишчи-ходим республикамизнинг турли ҳудудларидан. Юқори маош, кафолатли тиббий ва ижтимоий хизматлар боис кўпчиликни мазкур корхоналарга ишга кириш қизиқтиради. Шунинг учун бу ҳақда масъуллардан сўрадик.
Бошқарма бошлиғининг айтишича, кон ва заводга ишга қабул қилиш бугун электрон тизим орқали навбатга ёзилиш билан амалга оширилади. Яъни, бўш иш ўрни юзага келса, навбати келган номзодлар чақирилиб, комбинатнинг махсус комиссияси томонидан суҳбат ва синовдан ўтказилади, саломатлиги эътиборга олинади. 2021 йилда Заркентдаги завод ва конларда бўш иш жойи бўлмагани учун ишчилар қабули амалга оширилмаган. Бу йил эса ҳозиргача икки марта танлов асосида ишчилар қабул қилинган.
Ишчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратишга комбинат томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида НКМКнинг ўнлаб санаторий ва дам олиш масканлари, тиббий профилакторийлари фаолият олиб бормоқда. Заркентда ҳам кончилар ва завод ходимлари учун тиббий муассаса ташкил этилган. Ишчилар учун хизмат уйлари, ётоқхона, дам олиш масканлари мавжуд. Биргина 2021 йилда 356 хонадонли 21 та кўп қаватли уй қурилган.
6 соат 36 минутлик иш
Кончиларнинг заҳматли меҳнати ҳақида кўп эшитганмиз. Пресс-тур давомида ҳам кўп ҳикояларни эшитдик. Бошқарма раҳбарияти, тадбир ташкилотчилари хоҳловчилар бўлса, оммавий ахборот воситалари вакилларига, Зармитан кони шахтасига тушиб жараённи бевосита кузатиш учун имконият яратиб беришларини айтишди. Кутилмаган бу таклиф, табиийки кўпчилигимизни қизиқтирди ва кончилар ёнига тушишга қарор қилдик. Лекин бу биз ўйлагандек осон эмас экан.
Дастлаб мутахассислар конга тушиш ва у ерда қатъий риоя этиш керак бўлган қоидаларни батафсил тушунтиришди. Кейин махсус кийимлар, шунингдек, хавфсизлик учун керак бўладиган воситалар берилди. Конга тушиш тартиб-қоидалари билан танишганимиз ва зарур воситаларни олганимиз тўғрисида дафтарларда қайд этилди, имзо қўйдик.
Ер остига махсус автобусларда тушишимизни айтишганда, кўз олдимизга одатдаги автобуслар келганди. Йўқ, адашган эканмиз. Кончиларнинг автобуслари оддий автобуслардан тубдан фарқ қиларкан. Хориждан келтирилган, “PAUS” русумли бу транспорт воситалари техник имкониятлари ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам анча мукаммал, ишончли дейишди. Иккита автобусда мутахассислар ҳамроҳлигида конга туша бошладик. Тушунтиришганди, шахтада транспорт воситалари 20 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланмас экан. Ҳақиқатан ҳам секин-аста пастга қараб ҳаракатлана бошладик. Манзилимиз – маъдан қазиб олинаётган, кончилар ишлаётган жойга – чамаси ер юзидан 420-500 метр пастгача тушишимиз керак экан. Битта транспорт воситаси сиғадиган йўлда кетяпмиз. Кутилмаганда рўпарамиздан яна бир транспорт воситаси чиқиб қолди. Ҳамроҳларимизнинг айтишича, бу кондан маъдан олиб чиқаётган транспорт экан. Автобус ҳайдовчиси чироқни ўчириб-ёқиб ишора берди. Юк ортиб келаётган машина бироз орқага ҳаракатланиб, йўлнинг четида махсус жойга кириб турди ва биз ўтиб кетгач, яна йўлда ҳаракатини давом эттирди. Йўлнинг ҳар 150-200 метрида шундай тўхтаб туриш жойлари ташкил этилган, транспорт воситалари шу орқали бир-бирини ўтказиб юборар экан. Манзилга етгунимизча бир неча марта шундай ҳолат кузатилди. Гоҳ бизнинг автобуслар, гоҳ рўпарадаги транспорт воситаси йўлнинг махсус белгиланган жойига ўтиб турди.
Ниҳоят, манзилга етиб келдик. Ўзи юрар техникада ер остидаги тошларни ўйиб, йўл очаётган, маъдан қазиб чиқариш учун шароит яратаётган кончилар иш жараённи кузатдик.
– 15 йилдан буён конда ишлайман, – дейди ўзи юрар техника бошқарувчи оператори Даврон Назаров. – Ишимиз мураккаб ва оғир, лекин ўрганиб кетганмиз. Ҳафтада беш кун ишлаймиз, иш соатимиз 6 соат 36 минут. Шу вақт мобайнида ушбу техника ёрдамида 1,5-2 метр масофада бурғулаш ишларини бажарамиз. Кейин бошқа сменадаги ҳамкасбларимиз ишн%D