Кончилар журналистлар ҳузурида бўлишди

27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни” муносабати билан “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига қарашли Жанубий кон бошқармасининг ижодкор кончилари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳригада бўлишди.

Сафарни дастлаб Гўри Амир мақбарасидан бошлашган Жанубий кон бошқармаси кончилари Самарқанд гавҳари - Регистон майдонида ҳам бўлишди.

- Регистонда кўп бўлганман, - дейди лаборант Дурдона Норжигитова. - Бугун ҳамкасбларим билан бирга ушбу масканни яна зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганимдан бағоят хурсандман. Ўзимни гўёки эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этяпман.

Кончилар шундан сўнг вилоят ҳокимлигининг “Зарафшон” газетаси таҳририятига ташриф буюришди.

Ўзбекистоннинг отахон нашри - “Зарафшон” газетаси таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев ўз таҳририяти мисолида обуна ҳамда газетани чиқариш жараёнларидаги ютуқ ва қийинчиликлар, ҳар бир ходимга юклатилган вазифа ва масъулият ҳақида гапирди.

- Адабиёт ва публицистикага болалигимидан ихлосмандман, - деди 4-гидрометаллургия заводи электромеханиги Ғайрат Равшанов. – Шунинг учун ҳам бошқа газеталар сингари “Зарафшон”ни ҳам мунтазам ўқиб бораман. Тўғриси, газетанинг навбатдаги сонини тайёрланиш жараёни, журналистларнинг ахборот тўплашдек кундалик юмушлари, мусаҳҳиҳ ва муҳаррирларнинг масъулиятли ишлари ҳамда фотомухбир ва газета саҳифаловчисининг юмушларини бевосита кўзатишга гувоҳ бўламан, деб ўйламагандим. Бугун буларнинг барчасига гувоҳ бўлдим.

Учрашув ниҳоясида таҳририят ижодкорлари томонидан кончиларга бадиий китоблар тўплами совға қилинди. Шундан сўнг, Жанубий кон бошқармаси ходимлари вилоят телерадиокомпаниясида бўлишди. У ерда яратилган имкониятлар ва замонавий теле-радион ускуналари, тасвирга олиш, монтаж ва овоз ёзиш ишлари билан танишишди. Тележурналистлар ва кончилар ўртасидаги ижодий ҳамкорликнинг истиқболи, давр журналистлар олдига қўяётган вазифалар масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.

Дилдора АТАБАЕВА,

ЖКБ ахборот ва маънавия-маърифат

 гуруҳ раҳбари.