Кончиларга қадрли тил

Навоий кон-металлургия комбинатининг жанубий кон бошқармаси тизимидаги “Зармитан” олтин конида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилган тадбирда жанубий кон бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Шавкат Кенгбоев мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
- Президентимиз айтганидек, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз, - деди Ш.Кенгбоев. - Чунки ўзлигини таниган ҳар бир миллат она тили ва адабиётини асраб-авайлайди, унинг ривожи йўлида бор куч-салоҳиятини сафарбар этади. Бугун бошқарма таркибидаги барча бўлинмаларда ҳам давлат тилининг нуфузи ва мавқеини ошириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ва қимматбаҳо қазилма бойликларни ўзлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлгани ҳамда “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш, уни илмий асосда ривожлантириш борасида кенг имкониятлар яратилган.
Дарҳақиқат, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзаги. Тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат ва анъаналарни сақлайди. Шундай экан, барча қатори кончилар ҳам ўзбек тилини қадрлаши керак ва шарт.
Жанубий кон бошқармаси ахборот хизмати.