Конференцияда истиқболдаги режалар белгиланди
Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида “Диний бағрикенглик ва зўравонлик экстремизми профилактикаси бўйича халқаро ҳамкорлик” мавзуида конференция бўлиб ўтди.
“Регионал диалог” халқаро ноҳукумат ва нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамда АҚШ Тинчлик институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимиз ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, ва АҚШлик экспертлар, исломшунос олимлар ва нодавлат, нотижорат ташкилотларининг вакиллари қатнашди.
Меҳмонлар даставвал, Илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабининг яратилиш тарихи, амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илмий ходимлар ҳамда тингловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. У ердаги ўқув жараёнларининг замонавий ахборот технологияларига асосланганлиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Конференцияда диний бағрикенглик, зўравонлик экстремизми ва радикаллашувнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, тинчлик ва барқарорлик масалалари муҳокама қилинди. АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден сўзга чиқиб, АҚШ Тинчлик институти экспертлари Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳамда ҳукуматнинг экстремизмга қарши кураши, диний бағрикенглик ва ислом динини тарғиб этиш борасидаги сиёсатини юқори баҳолади.
Конференция давомида ўзаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама этилиб, фикр ва таклифлар асосида истиқболдаги ҳамкорлик алоқалари белгилаб олинди.
Очил Рустамов,
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.