"Кўнглимга орзулар солган қишлоғим"

Шоир Равшан Файз кўп умр кўрмаган бўлса-да, шеърлари билан минглаб қалбларни забт этган.

У 1959 йил 1 январда Қўшработ туманидаги Қўралос қишлоғида туғилган. 1986 йилда ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Шоирнинг «Ухлаётган одам», «Ташриф», «Кел, эй кўнглим», «Мен шамолни тутволдим» шеърий тўпламлари нашр этилган.

1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида автоҳалокат туфайли вафот этган.

***

Қишлоқ соғинчи

 

Эй ота юрт, эй туғишган эл,

Мен бир ўсмир, мен битта гулни,

Орзу-ҳавас деган танти эл

Қай бир баҳор бағрингдан юлди.

 

Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,

Ўшал юксак орзумга етдим:

Тиним билмас девона, дайди

Шамолларга айланиб кетдим.

 

Улангандим юрагим билан

Асли сенинг жону жисмингга.

Энди яна бу дунё бир кам –

Орзуйим йўқ, армоним мингта!

 

Энди тунлар юрагим оғрир,

Соғинаман сени, қишлоғим,

Даштларингни эслайман оғир,

Қояларга урилган чоғим.

 

Туриб-туриб келади кўргим,

Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой.

Билинарми ҳали ҳам ўрним,

Оғрийдими мен юлинган жой?!

 

* * *

 

Кўнглимга орзулар солган қишлоғим,

Олис-олисларда қолган қишлоғим.

Келиб қоларми, деб ҳар саҳар, ҳар шом

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.

 

Менинг мақсадимдан кўнглим кўп тўқдир,

Армон нишонига тегмаган ўкдир.

Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,

Лекин бу йўлларнинг адоғи йўқдир.

Айтгил, селмасмиди мен танлаган йўл,

Сайрга элмасмиди мен танлаган йўл.

Олис-олисларда оворадурман,

Борса-келмасмиди мен танлаган йўл.

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим…

 

* * *

 

Мен яхши кўряпман сизни тобора.

Тобора кўзимдан йитмоқда туман,

Қарангиз, қисқариб боряпти ора,

Орада тўсиқ йўқ энди умуман.

 

Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,

Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.

Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,

Майин сўнмоқдадир косагул, алёр.

 

Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,

Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:

Худойим, ишқилиб салому алик

Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.

 

Мен яхши кўряпман сизни тобора…