“Конверт”да олманг!
Ҳар бир инсон қаерда ишламасин ҳалол меҳнат қилиб, ҳурмат-эъзоз билан пенсияга чиқишни хоҳлайди. Қилган меҳнатлари эвазига давлат томонидан тўланадиган пенсияни олиб кексалик гаштини суриш барчанинг орзуси. Аммо бугунги кунда баъзи фуқаролар расмий меҳнат шартномаси тузмасдан, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланмасдан конверт усулида меҳнат ҳақи олиб ишлаб келмоқда. Бундай ишчиларга иш берувчи томонидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақасига тўлов амалга оширилмайди, натижада пенсия ёшига етган шахсларда пенсияга чиқишда муаммолар пайдо бўлади.
Тўғри, шу вақтга қадар ходимлар сони корхона томонидан тўланадиган солиқларга таъсир қилган. Тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароит яратиш учун 2019 йил 1 январдан бошлаб Солиқ кодекси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан солиқ ставкалари кескин камайтирилди.
Жумладан, аҳолининг реал даромадини ошириш, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг амалдаги 4 та поғонали ставкалари ўрнига ягона 12 фоизлик ставка белгиланди. Пенсия жамғармасига 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди. Ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 ва 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Натижада, иш ҳақи фондига солиқ юки ўртача 1,8 маротабага камайиб, ходимларининг иш ҳақини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш имконияти юзага келди.
Шунингдек, ташкилотлар 2019 йил 1 апрелга қадар ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ихтиёрий равишда расмийлаштирса, аввалги ҳисобот даврларида ходимлар сонини яширганлик учун солиқларни қўшимча ҳисоблашдан озод қилинди.
Шу билан бирга, ягона ижтимоий тўловнинг камайтирилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан ходимлар иш ҳақи миқдорини ошириш имкони юзага келади.
– Ҳудудларда олиб борилаётган паспортлаштириш жараёнлари, профилактик суҳбатлар давомида 2019 йил 23 январдан 19 февралига қадар 2934 та корхонада қонуний расмийлаштирмасдан иш ҳақи тўлаб келинаётган 14 минг 127 нафар ишчи-ходимлар билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилди, - дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Носир Мавлонов. – Уларнинг 1449 нафари савдо ва умумий овқатланиш, 4734 нафари ишлаб чиқариш, 6808 нафари қишлоқ хўжалик, 1136 нафари қурилиш корхоналари ҳисобига тўғри келади.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси