Кўп қаватли уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қурганлар жаримага тортилади

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган эди.

Мазкур қонун Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, у билан Солиқ ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси томонидан 39 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларда техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ўрганилди. Унга кўра, 60 мингдан ортиқ ҳолатда хонадонларда ўзбошимчалик билан қайта қуриш ва қайта режалаштириш ишлари амалга оширилганлиги аниқланди.

Шунингдек, уй-жой фонди инспекциясига келиб тушган мурожаатларнинг 2 мингдан ортиғи ўзбошимчалик билан амалга оширилган реконструкция ва қайта режалаштириш тўғрисида баён этилган шикоятларни ташкил этади.
– Бугунги кундаги мавжуд ноқонуний қурилмалар уйларнинг таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилигининг пасайишига сабаб бўляпти, – дейди Уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси раҳбари Азлар Содиқов. – Бу эса уйларнинг экологик ташқи таъсирларга чидамсиз бўлиб қолишига, мулкдорларнинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулклари хавф остида бўлишига олиб келяпти. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мисол учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси учта янги қисм билан тўлдирилди. Кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш-мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 баробари, яъни 4 миллион сўм жарима белгиланди.

Кўп квартирали уйлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларни ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шу жумладан, уйларда ва уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш ишларини амалга оширган фуқаролар БҲМнинг 30 баробари, яъни 8,1 миллион сўм, мансабдор шахсларга 50 баробари (13,5 миллион сўм) жарима қўлланилади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш орқали кўп квартирали уйларни бошқарувчи ташкилотлар қатор солиқлардан озод этилди. Хусусан, умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, уйларга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар бўйича барча солиқлардан озод этилади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонунига қўшимчалар киритиш орқали Уй-жой фонди инспекцияси томонидан кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан судларга киритадиган аризалари учун давлат божи ундирилмайди.
Шуни айтиш жоиз, мазкур ҳужжат бир қатор ижобий натижаларга эришишни таъминлайди. Жумладан, кўчмас мулк эгаларининг уй-жой фондини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги шахсий масъулиятини ошириш орқали уйларнинг техник хавфсизлиги сақлаб қолинади.

Шунингдек, кўп квартирали уйларни бошқариш органларини маълум бир фаолият тури бўйича солиқлардан озод этиш натижасида соҳага тадбиркорлик субъектларининг жалб этилишига, уйлардан фойдаланишда мавжуд қоидаларга риоя этилишига ва кўчмас мулк эгаларига хавфсиз яшаш шароити яратиб берилади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА